Ўқувчиларнинг музейдаги бир куни

12

Қуролли Кучлар давлат музейида пойтахтимиздаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари иштирокида «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Дастлаб Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича марказий Кенгаши аъзолари, музей ва агентлик раҳбарияти, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар «Ватанга қасамёд» монументи пойига гулчамбарлар қўйди. Тадбирда сўзга чиққан Қуролли Кучлар давлат музейи директори истеъфодаги полковник Мусаллам Нуриддинов, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Амирулла Абдуллаев, Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Нодира Дўстхўжаева ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиянинг жамиятдаги ўрни, юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашда ҳарбийларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади.
Тадбирнинг бадиий қисмида Тошкент шаҳридаги Президент мактаби, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати, Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаби, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларга чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари томонидан намойиш этилган саҳнали кўриниш ва бадиий чиқишларда халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган жасорати, бугунги тинч ва дориломон кунлар шукронаси акс эттирилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ижросидаги куй-қўшиқлари даврага байрамона кайфият улашди.

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир якунида музей томонидан «Энг яхши тасвирий санъат асари» танлови совриндорлари, иқтидорли ўқувчилар тақдирланди. Ўз навбатида агентлик томонидан бир гуруҳ фахрийлар ва ҳарбий хизматчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти