Яна бир «Аскар академияси» фойдаланишга топширилди

10

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда барча шароитларга эга, замонавий «Нуристон» дала ўқув майдони фойдаланишга топширилди. Маълумки, дала ўқув майдони аскар академияси дейилади.
Ушбу объект округ ҳарбий хизматчилари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, десак адашмаймиз. Дала ўқув майдонининг тантанали очилиш маросимида рамзий лента кесилар экан, йиғилганлар очилажак ушбу жой юрт ҳимоячиларининг жанговар шайлик салоҳиятини оширувчи, Ватанимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамловчи манзил бўлиб хизмат қилишига тилак билдиришди. Тадбирда сўз олган Қашқадарё вилояти ҳокими, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ва яна бир қанча нуронийлар ҳарбий хизматчиларни икки карра байрам билан муборакбод этишди.
Дала ўқув майдонида 530 ўринли шинам ётоқхона, барча санитария талабларига жавоб бера оладиган 600 ўринли ошхона мавжуд. Шунингдек, бошқарув пункти, очиқ жойдаги 15 та ўқув синфлари, ҳарбий хизматчилар кафетерийси ҳамда тиббиёт пункти янгидан қурилиб, жиҳозланди.
Кенг ва ёруғ ўқув синфлари, маъруза заллари, кутубхоналар бўйлаб борар экансиз, деворлардаги безакларнинг ўзи олам-олам маълумот ва маънавият ўчоғи эканига гувоҳ бўласиз.

Юрт ҳимоячиларининг назарий билимлари мана шундай дала ўқув майдонларида амалий синовдан ўтади. Шу сабабдан ҳам жанговар тайёргарлик машғулотларини реал ҳолатга яқинлаштириб ўтказиш мақсадида “Разведка бўлинмаларининг яқин жанг олиб бориш шаҳарчаси”, “Тоғ тўсиқлари йўлаги”, “Алоқачилар йўлаги”, “Мерганлар йўлаги” каби бир нечта тўсиқли йўлаклар барпо этилди.
Жисмоний тайёргарлик – жанговар шайлик кафолати. Дала ўқув майдонида ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний чиниқишлари, турли спорт турлари билан мунтазам шуғулланишлари учун стадион ва гимнастика шаҳарчаси ҳам қад ростлагани айниқса қувонарли. Ўз бағрига 100 дан ортиқ ҳарбий техникани сиғдира оладиган жанговар машиналар паркида техникалар худди ҳарбийлардек саф тортиб турипти.
Тадбир давомида мезбонлар томонидан майдон тўсиқли йўлакларида жанговар машғулотлар амалда кўрсатиб берилди. Юқори даражадаги шарт-шароитга эга дала ўқув майдони ҳамда ҳарбийлар кўзида ёнган шижоат ва садоқатни кузатган ёшлар дилида ҳарбий касбга нисбатан иштиёқ ҳисси жўш урди.
Ҳарбий хизматчиларга нисбатан кўрсатилаётган бу каби юксак эътибор ва яратиб берилаётган шароитлар юрт ҳимоячилари олдига қўйилажак ҳар қандай жанговар вазифани ишонч билан, тўлақонли адо этишларида қўшқанот вазифасини ўтайди.

Жануби ғарбий махсус ҳарбий округи матбуот хизмати