Қўмондон ва ёшлар учрашуви кўтаринки руҳда ўтди

9

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бошқарув аппаратида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги умумтаълим мактабларининг юздан ортиқ ўқувчи ёшлари иштирокида “Ҳарбий қисмдаги бир куним” шиори остида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Саф майдонида йиғилган ёшларга юртимиз бўйлаб ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги тадбирларининг моҳияти тушунтириб берилгач, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиши ташкил қилинди.

Шундан сўнг қўмондонлик бошқарув аппаратида барпо этилган “Адиблар боғи”, спорт мажмуаси, ошхона билан танишган эртамиз эгалари бу ерда юрт ҳимоячилари учун барча қулайликлар ва зарур шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдилар. Қўмондонликда очилган “Ҳарбий тарих музейи”да эса улар соҳанинг ривожланиш жараёнига оид маълумотлар билан танишдилар. Ташриф давомида ёшлар иштирокида панорамали ўқ отиш тренажёрида мерганлик мусобақаси ҳамда турникда тортиниш, арқон тортиш  каби спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони билан бугун Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш, имтиёзлар бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек юрт ҳимоячилари эришаётган ютуқлар юзасидан олиб борилган суҳбат ёшларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини янада оширди. Тадбир сўнгида ўтказилган спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган ёшлар қўшинлар қўмондони томонидан тақдирланди. Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар ҳам намойиш этилди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати