Суратларда Ватан акси

13

Пойтахтимиз марказида жойлашган Фотосуратлар уйида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” мавзусида ватанпарварлик, Ватанга қасамёдга содиқлик, халқ билан армиянинг бирдамлиги, миллий армиямиз билан фахрланиш, мардлик ва жасорат каби мазмуний йўналишлар бўйича ташкиллаштирилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, кўргазмада рангтасвир иши ва графика номинациялари бўйича 150 га яқин ижодий ишлар намойиш этилди. Иштирокчилар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тавсия этилган профессионал ижодкорлар ва Қуролли Кучлар таркибига кирувчи барча вазирлик ва идоралар вакилларидан ташкил топган ҳайъат азолари томонидан баҳоланди.
Натижаларга кўра, ҳаваскорлар орасида рангтасвир иши номинациясида Республика ихтисослаштирилган давлат мактаби ўқувчиси Фаррух Мамадиёров ғолиб бўлган бўлса, графика номинациясида муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жасурбек Жаъфаров пешқадамликка эришди.
Профессионаллар ичида рангтасвир иши номинациясида Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Камоллидин Фахриддинов биринчиликни қўлга киритган бўлса, графика номинациясида ғолиблик Миллий гвардия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи тасвирий санъат ўқитувчиси Бобур Расуловга насиб қилди.

1-,2- ва 3-ўрин соҳибларига Диплом ҳамда эсдалик совғалари, фаол иштирокчиларга Фахрий ёрлиқлар тантанали топширилди.
Тақдирлаш тантаналариди иштирок этар эканмиз, суратлардан маъно қидираётган меҳмонларни суҳбатга тортамиз. Уларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиш баробарида, агар имконият берилса, ўзлари Ватанни қандай тасвирлашларини сўраймиз. Улар ўз соҳаларидан келиб чиқиб жўшиб гапирадилар. Ҳа, она юртни улуғлаш учун қайси касб эгаси бўлмасин, вазифасини сидқидилдан бажарса бас, мисқоллар йиғилиб дарё бўлганидек, мамлакат ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилаверади.

Катта лейтенант Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти