Ватан эъзозга муносиб

9

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларидан иборат ватанпарварлик карвони Самарқанд вилояти ҳудудидаги манзил колонияда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида фестиваль ташкил этишди.
Маҳкум ва маҳкумаларнинг тузалиш йўлига ўтишларида кўмаклашиш, она Ватанга бўлган муҳаббатини оширишга қаратилган тадбирда ҳарбий қисм қўмондонлиги вакиллари сўзга чиқиб, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъи назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим эканлигини айтиб ўтди.

Ҳарбий оркестр томонидан Ватанга муҳаббатни акс эттирувчи куй ва қўшиқлар ижро этилди. Шундан сўнг Қуролли Кучлар салоҳияти ҳамда аждодларимиз жасоратлари ҳақидаги саҳна кўринишлар ва Фахрий қоровул взводининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Бундай тадбирлар тинчликни асраш, она Ватанни ҳимоя қилишда ҳар бир инсон масъул эканлигини даъват этишга қаратилгандир.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати