Малака ошириш курси муваффақиятли якунланди

42

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси Малака ошириш марказида жорий йилнинг 21 сентябрь – 3 октябрь кунлари Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерлари учун «Ҳарбий хизматчиларда бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш асослари» йўналиши бўйича ташкил этилган малака ошириш курси ўз якунига етди.


Академиянинг анжуманлар саройида тингловчиларга 72 соатлик ўқув курсини муваффақиятли битиргани тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
– Икки ҳафталик малака ошириш курсида ҳарбий хизматчиларга ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришда ахборот истеъмоли маданияти, мутаассиб гуруҳлар таъсирига берилишнинг психологик асослари ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш усуллари бўйича ўқув модуллари олиб борилди, – дейди Ўзбекистон Халқаро ислом академияси Малака ошириш маркази директори Дурбек Раҳимжонов. – Шунингдек, давлат ва дин муносабатларининг ҳуқуқий асослари, ислом динининг асосий ижтимоий функциялари, соғлом эътиқод асослари, ислом дини манбалари ва уларда инсонпарварлик, ватанпарварлик ғояларининг акс этиши ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди. Семинар-тренинг машғулотларида маърифий мазмунга эга бўлган тушунчаларнинг ғаразли мақсадларда талқин этилиши қизғин мунозара ва муҳокама этилди. Курс битирувчиларга келгусида ўз хизмат фаолиятида шахсий таркиб билан мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-маърифий меросини ўрганиш ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар борасида самарали ва таъсирчан тарғибот тадбирларини олиб боришга ундайди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти