Хайрли ташаббус: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбийлари Сирдарёликларга ёрдам беришни бошлади

207

Олдин хабар берилганидек, 3 май куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округдан 300 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда 20 га яқин ҳарбий ва махсус техника Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омборида содир бўлган авария оқибатларини бартараф этиш учун Нукус шаҳридан жўнаб кетган эди.

Айни вақтда ҳарбий хизматчилар Оқолтин тумани аҳолиси ва ёрдамга келган бошқа ишчилар билан Бирлик кўчасидаги ҳовли уйларида таъмирлаш-тозалаш ишларида фаол иштирок этишни бошлаган.

Тошқин суви охиригача кетмаган бўлса-да, аммо вақтни йўқотиш мумкин эмас. Шу сабаб, асосий кучлар сувнинг сатҳи пасайган уйлардаги ишларга жалб этилган.

Ҳарбий хизматчиларнинг кучи билан аҳоли истиқомат қилган уйларда тозалаш ва нураб қолган иншоотларни тиклашга йўналтирилган. Шу билан бирга йиғилиб қолган аҳлатлар, синган шоҳ-шаббалар тозаланиб, ҳудудлар тартибга келтириляпти.

Жанговар қуроллар ўрнига вақтинча хўжалик асбоблари билан қуролланган юрт ҳимоячилари ҳамжихатликда ҳаракат қилиб, юқори қўмондонлик томонидан қўйилган вазифаларни ўз вақтида бажаришмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлигининг қолган ҳарбий округлари ҳам сирдарёликларга амалий ёрдам бериш мақсадида фавқулодда ҳолат юзага келган ҳудудга куч ва воситалар юборган.

Олис гарнизонлардан келган ҳарбий хизматчиларнинг вақтинча яшаши, ҳарбий ва махсус техникаларни сақлаши ва уларга техник хизматлар кўрсатиши учун алоҳида ҳудудлар берилиб, шароитлар яратилган.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати