«АрМИ—2018» доирасида Ўзбекистон ҳарбийлари миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан кўргазмада иштирок этди

670

Москвада «АрМи—2018» Халқаро армия ўйинлари доирасида унда иштирок этувчи барча мамлакат вакиллари томонидан ўзларининг миллий анъана ва қадриятларини тарғиб этувчи кўргазма ташкил этилди.

Мазкур кўргазмада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда иштирок этиб, ташриф буюрувчилар эътиборига ўзбек миллий ҳунармандчилиги маҳсулотлари намуналарини тақдим қилди.

Кўргазмага асосан ёғочдан ясалган ҳунармандчилик маҳсулотлари, ганч ўймакорлиги, наққошлик санъати, қўлда тўқилган гиламлар, мусиқа асбоблари, миллий безакли чопон ва дўппилар, майда ҳайкалтарошлик буюмлари, турли ўйинчоқлар қўйилган. Бундай кўргазмалар ёшларнинг ўзбек миллий ҳунармандчилигига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Кўргазма иштирокчилари ўзбек миллий ҳунармандчилиги маҳсулотларини юқори баҳолади ва, албатта, келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш иштиёқида эканлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, «АрМи—2018» Халқаро армия ўйинлари 28 йўналиш бўйича 30 дан ортиқ давлатлар ўртасида ўтказилмоқда. Ўзбекистонлик ҳарбийлар 12 та йўналиш бўйича иштирок этяпти.

Видео: https://youtu.be/idoPGX2Zs08

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати