Қуруқликдаги қўшинлар ва махсус қўшинлар

Қуруқликдаги қўшинлар

Қуруқликдаги қўшинлар Қуролли Кучларнинг асосини ташкил этади. Қуролли Кучларнинг энг кўп сонли тури бўлиб, қуруқликдаги қўшинлар бошқа қўшин турлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонга қарши ҳар қандай тажавузни бартараф этиш вазифасини бажаради.

Унинг жанговар сафи қуйидагилардан иборат:

  • мотоўқчилар бўлинмалари;
  • танк ва артиллерия бўлинмалари;
  • ҳаво-десант бўлинмалари;
  • ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари.

Мотоўқчилар бўлинмалари – қуруқликдаги қўшинларнинг асосини ташкил этади, қуролланишида БМП-2 (ПЖМ-2), БТР-80 дек замонавий техника ва қуролларга,  катта моддий воситалар захираларига эга бўлиб, ҳар қандай об-ҳаво ва ҳар қандай жойларда турли жанговар вазифаларни ечишга қодирдир.

Улар қуруқликдаги ва ҳаводаги душман объектларини тор-мор этиш учун танклар, артиллерия ва миномётлар, танкка қарши бошқарилувчи ракеталар, зенит комплекслари ва қурилмалари, самарали разведка ва бошқариш воситалари билан жиҳозланган.

Булар қуруқликдаги қўшинларга эгалланган марраларни ишончли ушлаб туришни, зарурий ҳолларда узоқ вақтли жанговар ҳаракатларни юқори суратда олиб боришни, душманнинг ҳар қандай қаршилигини қатъият билан қайтаришни тақозо этади.

Мотоўқчилар фронт бўйлаб ва фронт чуқурлигидан жадал манёврлар қилишга, катта тезликда душманнинг жонли кучлари ва техникасини таъқиб этишга ва тор-мор этишга қодирдир.

Мотоўқчилар қўшинларининг асосини мотоўқчилар бирлашмалари ва бўлинмалари ташкил этади.

Танк  бўлинмалари – қуруқликдаги қўшинларнинг бош зарбдор кучи ва қуролли курашнинг қудратли воситаси бўлиб, замонавий жанг шароитларида ўта муҳим жанговар вазифаларни бажариш учун белгиланган.

Танкчиларимизнинг қуролланишида турган юқори жанговар хусусиятга эга ишончли замонавий зирҳли ҳимоя танклари, тоғ – чўл шароитларида катта масофаларни босиб ўтишга қодир.

Артиллерия бўлинмалари – бош зарба бериш қудрати ва жанговар вазифаларни бажаришда муҳим оператив-тактик восита. Артиллериянинг вазифаси – душманнинг ядро ва кимёвий воситаларини йўқ қилиш ва бостириш, унинг пиёдалар жанговар машиналари, артиллерияси, танклари ва бошқа зарба бериш воситалари, жонли кучи, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон воситалари, фортификация иншоотларини тактик ва яқиндаги оператив сарҳадларида тор-мор этишдан иборат. Бундан ташқари артиллерия бўлинмалари масофадан туриб миналаштириш ва жойни ёритиш вазифасини ҳам бажаради. Артиллерия-гаубица, пушка, реактив, танкка қарши артиллерия, миномётлар, танкка қарши бошқарилувчи ракеталар, бирлашмалари ва бўлинмаларидан ҳамда артиллерия разведка бўлинмаларидан ташкил топган.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари– душманнинг ҳаводаги объектларини йўқ қилишда асосий восита ҳисобланади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг вазифалари–душманнинг самолётлари, вертолётлари, қанотли ракеталари ва бошқа ҳаводаги объектларини йўқ қилиш, унинг ҳаводан бериладиган зарбасини қайтариш ва ўз қўшин тузилмалари, бошқарув пунктлари, аэродромлари ва бошқа муҳим объектларни жангнинг барча турларида ҳамда ҳаракатланиш мобайнида ва жойлашган жойида ҳимоя қилиш.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари – зенит, ракета, зенит-ракета-артиллерия, зенит артиллерияси, зенит-ракета техник бўлинмаларидан ташкил топган.

Ҳаво десант бўлинмалари – ҳаракатчан кучларнинг асосини ташкил этиб, уларнинг роли ҳозирги шароитда анча ошди. Десант жанговар машиналари, ўзиюрар артиллерия қурилмалари, зирҳли транспортёрлари, юқори самарали танкка қарши ва зенит воситалари, стволли ва реактив артиллерияси, қудратли автоматик қуроллари, замонавий алоқа ва бошқарув аппаратуралари билан қуролланган ўзбекистонлик десантчилар армиямизнинг энг юқори тайёрланган қисми бўлиб ҳисобланади.

Замонавий ҳарбий–транспорт самолётлари ёрдамида улар душманнинг яқин ва олис ички сарҳадларига тушурилиши ва мустақил ҳолда ёки бошқа бўлинмалар билан ҳамкорликда олдиларига қўйилган жанговар вазифани бажаришга қодирлар.

Ҳарбий ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари

ҲҲМ қўшинларининг ривожланиш тарихи мустақил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари яратилиши билан чамбарчас боғлиқ.
1993 йил август ойидаги Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг “Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларида жанговар навбатчиликни ташкил этиш ва олиб бориш бўйича қўлланмани  киритиш тўғрисида”ги  буйруғига  биноан ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво сарҳадларини қўриқлашга киришдилар. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари давлатимизни ҳаво ҳужумидан  ҳимоя қилишни Ҳарбий ҳаво кучлари ва қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари билан ҳамкорликда бажаради. Жанговар вазифани бажариш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари яқин, ўрта, олис узоқликдаги зенит ракета комплексларига эга. Бу комплексларнинг самарадорлиги уларнинг сафига ҳаво нишонларини аниқлаш радиолокацион станциялари ва автоматик бошқариш воситалари киритилиши билан оширилди.

Ҳарбий ҳаво кучлари– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг энг юқори манёврга эга тури ҳисобланади. Уларнинг вазифалари – ҳаводан  душманнинг авиацияси, қуруқликдаги қўшин тузилмалари, давлат ва ҳарбий бошқарув тизими объектлари, фронт орти, ҳарбий–иқтисодий потенциали, унинг транспорт коммуникацияларини тор-мор этиш ҳамда қуруқликдаги қўшинларимизни ҳаводан қўллаб-қувватлаш, ҳаво десантларини десантлаш, қўшинларни, моддий-техник воситаларни ташиш, ҳаво разведкасини олиб бориш ва бошқа вазифалардан иборат.

Улар катта муваффақият билан душманнинг Ҳаво ҳужумидан мудофаасига қарши тура оладилар, олис масофадан туриб душманнинг қуруқликдаги ва ҳаводаги оъектларини яксон қилиш, бошқарилувчи ракеталар ёрдамида душман фронт ортининг ички сарҳадларига зарбалар бериш ва самарали ҳаво разведкасини  олиб боришга қодир.

Махсус қўшинлар

Махсус қўшинлар ўзига жанговар, техник, фронт орти таъминоти бўлинмаларини бириктирган бўлиб, юқори жанговар тайёргарликни ва давлат мудофаа қобилиятини  қўллаб – қувватлашда  ўзларининг катта ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Разведка бўлинмаларининг вазифалари душманни ва жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган жойларда разведка олиб бориш ҳамда бошқа махсус вазифаларни бажариш. Улар ўз вазифаларини мустақил ҳолда ёки бирлашмалар билан биргаликда бажарадилар, уларнинг ҳаракатларини муҳандис қўшинлари таъминлаб туради.

Муҳандислик қўшинлари – муҳандис – сапёр, понтон-кўприк, муҳандис – йўл, тўсиқларни ўрнатиш  ва  йўқ қилиш бўлинмаларидан ташкил топган. Уларнинг вазифалари ҳамма қўшин турларининг жанговар ҳаракатларини муҳандислик нуқтаи назаридан таъминлашдан иборат.

Кимёвий ҳимоя бўлинмаларига  Қуролли Кучларда катта эътибор қаратилган. Уларнинг вазифалари бўлинмалар жанговар ҳаракатларини таъминлаш ҳамда душманга ёндирувчи қуроллар билан талофатлар етказишдан иборат. Уларнинг вазифаларига қуйидагилар киради:

кутилаётган ҳаракатлар чизиқлари, ҳаракатланиш йўналишлари, тизилиш марралари ва иккинчи эшелонда қайта ҳужум йўналишларида радиацион ва бактериологик разведка олиб бориш;

шахсий таркиб ва жанговар техника, транспорт ва кийим – кечакларни душман ядро, бактериологик ва кимёвий қуролларни қўллаганда  дозиметрик назорат ва санитар ишлов бериш.

Ҳарбий алоқа – қўшинлар ва қурол бошқариш тизимида маълумот алмашиш учун белгиланган.

Уларнинг вазифалари:

  • юқорида турган штаб билан барқарор алоқани таъминлаш ва ўз вақтида жанговар бошқарув сигналларини қабул қилиш;
  • вазиятнинг ҳар қандай шароитида бўйсунувчи қўшинларни бошқаришни таъминлаш;
  • қўшинларга душман томонидан ядро қуроли қўлланилишининг хавфи, ҳаводан келаётган душман, радиоактив, бактериологик, кимёвий зараланиш ҳақида маълумотни етказиш;
  • ўзаро ҳамкорлик қилаётган бўлинмалар ўртасида алоқани таъминлаш;
  • қўшинларни жанговар ҳаракатларини фронт орти таъминоти ва махсус-техник таъминотлари бўйича буйруқларини етказиш.

Давлатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадида 1998 йил октябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қуйидаги ҳарбий округлар ташкил этилди:

  • Шимоли-ғарбий ҳарбий округ;
  • Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ;
  • Марказий ҳарбий округ;
  • Шарқий ҳарбий округ;
  • Тошкент ҳарбий округ.

2000 йилда Қуролли Кучлар ислоҳотлари жараёнида уларни жанговар қўллаш хусусиятларига кўра қуруқликдаги қўшинларнинг асосини тўртта турдаги умумқўшин бирлашмалари ташкил этди:

  • текисликликларда жанговар ҳаракатларни олиб боришга мўлжалланган мотоўқчи бирлашмалари;
  • тоғли ҳудудларда жанговар ҳаракатларни олиб боришга мўлжалланган тоғ – ўқчи  бирлашмалари;
  • алоҳида йўналишларда юзага келадиган жанговар вазифаларни ечишга мўлжалланган тез тизилувчи кучлар сифатида қўлланиладиган десант ҳужумкор бирлашмалари;
  • кичик террорчи гуруҳларни қуршаб олиш ва тор-мор этиш учун махсус операция кучлари.

Қуруқликдаги қўшинларнинг алоҳида турлари (танк, артиллерия, зенит-ракета бирлашмалари) умумқўшин бўлинмаларини кучайтириш, ҳимоя қилиш ва душманга кучли узил-кесил зарбалар бериш учун мўлжалланган.