Қуролли Кучларнинг таркиби ва вазифалари

Ўзбекистон Республикаси амалда ўзининг замонавий, ихчам, ҳаракатчан ва яхши қуролланган, мамлакатимиз хавфсизлиги, барқарорлиги, сарҳадларимизнинг дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга. Қуролли Кучлар асосан Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кўшинлари, Махсус операция кучлари ҳамда Терроризмга қарши курашиш бўлинмасидан иборатдир.

Қуруқликдаги қўшинлар душман қўшинларининг ҳар қандай турдаги зарбаларни бартараф этиб, уларни яксон қилиш, душманнинг мунтазам қўшинларини тор-мор этишга қаратилган жанговар ва махсус операцияларни олиб бориш учун мўлжалланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил
23 январдаги қарори билан Миллий гвардияга асос солинди. Миллий гвардиянинг асосий вазифаси – Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишдир. Гвардия таркиби фуқароларни ҳарбий хизматга мажбурий ва кўнгилли равишда чақириш орқали ташкил этилди. Гвардия зиммасига бир қанча ўзига хос вазифалар, жумладан, давлат ҳокимиятининг олий органларини қўриқлаш, жамоат тартибини таъминлашда иштирок этиш, чет давлатларнинг расмий вакилларини тантанали кутиб олиш, давлат миқёсидаги маросимларда иштирок этиш юкланган. Шу мақсадда гвардия таркибида фахрий қоровул ротаси тузилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларининг ҳимоясини таъминлаш мақсадида Президент И.Каримовнинг 1992 йил 24 мартдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси ташкил этилди. Мамлакатимиз ҳудудида жойлашган чегара қўшинларининг барча ҳарбий қисм ва бўлинмалари унинг тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида 2005 йил
14 июнда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Терроризмга қарши курашиш корпуси Республика Қуролли Кучларининг оператив бирлашмаси бўлиб, мамлакат ҳудудида қуролли таҳдид, терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш вазифаларини самарали ҳал этишга мўлжалланган.

Ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари республиканинг маъмурий-сиёсий, иқтисодий-саноат марказлари, қўшинлар туркумларини, шунингдек муҳим ҳарбий ва бошқа объектларни душманнинг ҳаво зарбасидан ҳимоя этишга мўлжалланган. Уларнинг асосий вазифаси душман томонидан ҳаво ҳужуми бошланганлигини аниқлаш, бу ҳақда хабар бериш ҳамда душманнинг ҳаводаги учиш аппаратларини йўқ қилишдан иборат. Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларида тинчлик даврида жанговар навбатчилик жорий этилган. Уруш даврида эса қуруқлиқдаги қўшинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва ҳарбий ҳаво кучлари билан биргаликда ҳаво ҳужумидан мудофаанинг бирлашган тизимини ташкил этади. Самолёт ва вертолётларга эга замонавий қурол-аслаҳа, навигация воситалари ва радиоэлектрон қурилмалар билан таъминланган ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари давлатимизнинг ҳаво чегаралари ишончли ҳимоя қилинишини таъминламоқда.

Юқорида қайд этилган кўшин турларидан ташқари барча ҳарбий округларда ҳар қандай вазиятда ҳам террорчиларни бартараф этиш учун мўлжалланган ностандарт қарорлар қабул қилишга, хавф-хатарлар билан кечадиган махсус операцияларни амалга оширишга қодир, нисбатан кам сон- ли, ўз-ўзини таъминлай оладиган, тезкор ва ҳаракатчан, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган бўлинмалар тузилган.

Юқорида қайд этилган Қуролли Кучлар турларининг самарали фаолиятини таъминлаш учун техник ва фронт орти таъминоти бўлинмалари ҳамда ҳарбий қисмлари ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш ва мудофаа қилишни таъминлаш мақсадида тузилган Миллий хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари алоҳида мустақил қўшин ҳисобланади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг қўшин тузилмалари Ўзбекистон Республикаси давлат манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш бўйича махсус ва қўшимча вазифаларни ҳал этишга жалб этилади.

Тинчлик даврида Қуролли Кучлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлайди, хавфсизликка таҳдидни бартараф қилиш воситаларидан бири ҳисобланади, уруш даврида эса Қуролли Кучлар давлат хавфсизлиги ва суверинитетини ҳимоя қилиш вазифаларини тўла бажаришга қодир.

Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий кадрлар ниҳоятда танқис эди. 1990 йилда маҳаллий офицерлар ҳарбий кадрларнинг атиги 0,6 фоизини ташкил этар эди. Бу эса ўз навбатида мамлакатда ҳарбий таълим тизимини тубдан ўзгартириш, ислоҳ қилиш ва ривожлантиришни тақозо этарди. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг шаклланиши ана шундай кескин шароитларга тўғри келди.

Шу ҳолатларни назарда тутиб, мамлакатда ҳарбий кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилди. Илгари тор мутахассисларни тайёрловчи билим юртлари кенг қамровли мутахассислар тайёрлайдиган билим юртларига айлантирилди, янги билим юртлар очилди, фуқаролик олий ўқув муассасалари ҳарбий кафедраларида захира офицерлари мутахассисликлари рўйхати қайта кўриб чиқилди.

Мустақиллик йилларида Ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорлар мамлакат ёшлари орасида ҳарбий хизмат нуфузини оширди. Буларнинг барчаси амалда Қуролли Кучларнинг Ўзбекистон Республикасида туғилган маҳаллий ҳарбий кадрлар билан таъминлашга имкон яратди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган қўшилма ва ҳарбий қисмлар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтган даврда маҳаллий ҳарбийлар 30 фоиздан ошмас эди, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг таркибини 100 фоиз маҳаллий кадрлар ташкил этади.

Ҳарбий кадрларни тайёрлаш масалалари. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида ҳарбий кадрларни тайёрлашнинг кенг қамровли тизими ташкил этилди. Оператив-тактик бўғин офицерларини тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси ташкил этилди. Тактик бўғин офицерларини тайёрлаш Тошкент умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик – муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги Махсус факультетида амалга ошириш йўлга қўйилди.

1994 йил 15 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини 1995 йил 2 сентябрдан бошлади. Унинг фаолияти мамлакатда олий ҳарбий маълумотли оператив-тактик поғонага мансуб офицер кадрларни ҳамда ҳарбий фанлар соҳасида илмий тадқиқот ишларини олиб борадиган илмий-педагог ходимларни тайёрлашга қаратилган. Шу билан бирга, Академия зиммасига Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган самарали илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, ҳарбий ва мудофаа қурилиши бўйича илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳарбий бошқарув органлари фаолиятида ва ҳарбий, илмий-педагогик кадрларни тайёрлашда ушбу тажрибалардан самарали фойдаланишга оид таклифларни ишлаб чиқиш, олий қўмондонлик таркиби, қўшилма ва бирлашмалар бошқарув тизимига мансуб офицерларнинг малакасини оширишни ташкил этиш каби вазифалар ҳам юкланган.

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ТОУҚБЮ) 1918 йил 12 июлда Тошкент шаҳрида ташкил этилди. 1993 йил Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кўрсатмасига мувофиқ билим юртининг штат тузилмаси такомиллаштирилиб, кўп соҳали дастур бўйича офицер кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Билим юртида мотоўқчи, разведка ва чегара бўлинмалари учун бўлажак офицер мутахассислар, тарбия ишлари бўйича командир ўринбосарларини тайёрлаш бошланди.

1992-2009 йилларда билим юртида тўрт минг нафардан ортиқ офицер кадрлар тайёрланди. 256 нафар битирувчи билим юртини аъло баҳоларга тамомлади, офицер ва сержантлар таркибининг шартнома бўйича хизмат қилаётган 17 нафар ҳарбий хизматчилар, курсантлар, хизматчилар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига сазовор бўлган.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти 1918 йилнинг 16 ноябрида Нижний Новгород шаҳрида ташкил этилган. 1941 йилнинг 1 ноябрида билим юрти Чирчиқ шаҳрига кўчирилди ва унга 1947 йилда Тошкент танкчилар билим юрти номи берилди. 1992 йил 14 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув юртлари тўгрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан юртимиз ҳудудида мавжуд ҳарбий қисм ва муассасалар қаторида Тошкент танкчилар билим юрти ҳам Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Шу даврдан бошлаб билим юртининг ҳаётида янги тарихий саҳифалар очилди. 1993 йилда билим юртига Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти номи берилди.

Мустақиллик йилларида билим юрти бир қанча ихтисосликларга мансуб офицер кадрларни тайёрлайдиган олий ҳарбий билим масканига айланди ва бугунги кунда танкчи-командир, танкчи-муҳандис, ҳаво-десант қўшинлари бўлинмаси командири, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари бўлинмаси командири, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари бўлинмаси муҳандиси каби мутахассисликлари бўйича офицер кадрларни тайёрлайди.

Билим юртида юқори малакали профессор-ўқитувчилар бўлажак командирларга жангни замон талабларига мос равишда ташкил этиш, жанговар таъминотни амалга ошириш, бўйсунувчи бўлинма жангини моҳирона бошқаришга оид назарий ва амалий билимларни берадилар. Машғулотлар махсус жиҳозланган синфлар ва дала ўқув майдонларида ўтказилади. Шунингдек, билим юртида курсантлар турли қурол-яроғларнинг тузилиши ўргатилиб, улардан нишонга қарата аниқ ўт очиш кўникмалари шакллантирадилар. Амалий машғулотлар учун мўлжалланган, замон стандартлари ва талабларига мос равишда жиҳозланган ўт очиш майдонлари ташкил этилган.

Самарқанд олий харбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти. Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг тарихи 1969 йилнинг 20 октябридан бошланган. Билим юртига 1991 йил май ойида республика Президенти Ислом Каримовнинг ташрифи ва юртимизнинг мустақилликка эришиши ушбу маскан тарихида янги саҳифани очди. 1992 йилнинг 12 сентябрида биринчи курс курсантлари ўз мустақил Ватани ва Президентига садоқат билан хизмат қилишга тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилдилар.

Ҳозирги кунда билим юртида Қуролли Кучлар учун автомобиль бўлинмалари, муҳандислиги тактик-қўмондонлиги, артиллерия тактик-қўмондонлиги, кимёвий қўшинлар тактик-қўмондонлиги, муҳандислик қўшинлари тактик-қўмондонлиги, ракета-артиллерия ўқ-дорилари ва қуроллари тактик муҳандислиги, фронт орти таъминоти тактик-қўмондонлиги (кийим-кечак таъминоти, озиқ-овқат таъминоти, ёқилғи-мой маҳсулотлари таъминоти) бўйича кадрлар тайёрланади.

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 20 июндаги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг 1994 йил 9 июлдаги буйруғи, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонининг 1994 йил 1 августдаги фармойишига асосан ташкил этилган. Билим юртида вертолёт авиациясининг қўмондонлик-тактик мутахассислиги бўйича учувчи-муҳандислар, жанговар бошқарув офицерлари, штурманлар, самолёт ва двигателлар бўйича муҳандис-техниклар, авиация қуроллари бўйича муҳандис-техниклар, авиация жиҳозлари бўйича муҳандис-техниклар, радиоэлектроника жиҳозлари бўйича муҳандис-техниклар ихтисосликлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

1997 йилнинг октябрь ойида билим юртини учувчилик ва муҳандис-техник мутахассисликлари бўйича 97 нафар ёш офицер биринчи қалдирғочлар сифатида тамомладилар. Билим юрти ўз фаолияти давомида 1 500 нафардан ортиқ авиация мутахассисларини етиштирди. Улар ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва бўлинмаларида турли лавозимларда Ватанни ҳимоя қилишдек олийжаноб ва масъулиятли вазифаларни аъло даражада бажариб келмоқда.

Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги махсус факультети

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 13 майдаги қарорига асосан ташкил топган бўлиб, Қуролли Кучлари сафига офицер кадрларни тайёрлаб берадиган олий ҳарбий билим юрти ҳисобланади. Факультетда ўқув жараёни “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасалари низоми”га мос ҳолда телекоммуникация ва радиотехника таълими йўналишлари бўйича давлат таълим стандартлари асосида ташкил этилган.

Бўйсунувчи бўлинмаларни бошқаришга қодир ташкилотчилик ва ишчанлик кўникмалари ривожланган, мустақил Ўзбекистоннинг миллий ғоя ва мафкурасига содиқ, дунёқараши кенг, интеллектуал салоҳиятли, етакчилик сифати, она Ватани ва Қуролли Кучларидан фахрланиш туйғусига эга ёш офицер кадрларни тайёрлаш билим юртининг асосий вазифасидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил
10 июндаги Қарорига асосан Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий тиббиёт факультети ташкил этилди. Шу орқали мамлакатимизда ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг кўп тармоқли тизими барпо этилди.

Сержантлар тайёрлаш мактаблари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил
26 январдаги “Ўзбекистон Республикаси сержантлар таркибини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида босқичма-босқич тўртта сержантлар тайёрлаш мактаби ташкил қилинди. Ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаблари Марказий ва Тошкент ҳарбий округларида, Жануби-ғарбий махсус ва Шарқий ҳарбий округларда ташкил этилган.

2007 йилда Шимоли-ғарбий ҳарбий округида бешинчи сержантлар тайёрлаш мактаби очилди.

Сержантлар тайёрлаш мактабларини жойлаштириш учун: Марказий ҳарбий округда – Самарқанд шаҳри, Тошкент ҳарбий округида – Чирчиқ шаҳри, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда – Қарши шаҳри, Шарқий ҳарбий округда – Наманган вилоятининг Чортоқ аҳоли пункти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Урганч шаҳрида ташкил этилди.

Сержантлар тайёрлаш мактабининг ўқув дастури ҳарбий хизматчиларга дастлабки тактик бўлинмаларни бошқариш асослари, ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликка оид касбий командирлик маҳоратлари, вазиятга тўғри баҳо бериб шароитга монанд қарор қабул қилиш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техниканинг қўлланишини ташкиллаштириш усулларини ўргатишга йўналтирилган.

Сержантлар тайёрлаш мактабларида жорий этилган таълим-тарбия жараёнининг асосий йўналишлари жумласига давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг долзарб муаммоларига оид умумий билимлар, мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги янгиланишлар, менеджмент, бозор иқтисодиёти асослари, тадбиркорлик, кичик бизнес, фермер ҳўжалигини ривожлантириш каби давлат ва ижтимоий қурилишнинг долзарб масалаларига оид умумий билим ва тушунчалар бериш киради.

Таълим дастури сержантларнинг етакчилик сифатларини ривожлантириш, ҳарбий бўлинмалардаги соғлом маънавий-руҳий муҳитни сақлаш ва педагогик кўникмаларни тарбиялашга йўналтирилган.

Сержантлар тайёрлаш мактабларида ўқув дастурига мувофиқ Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Сержантлар тайёрлаш мактабида – 20 та ихтисослик, Марказий ҳарбий округ Сержантлар тайерлаш мактабида – 16 та ихтисослик, Шарқий ҳарбий округнинг Сержантлар тайёрлаш мактабида –
15 та ихтисослик, Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Сержантлар тайёрлаш мактабида – 12 та ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 31 октябрдаги Қарорига асосан олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи ҳарбий хизмат даврида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юқори натижаларга эришган, муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, белгиланган шаклдаги тавсияномага эга бўлган фуқароларга тест синовларида тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча имтиёз берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил
12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сержантларининг мақоми тўғрисида”ги Қарорига асосан 5 йил давомида сержантлар таркиби лавозимларида бенуқсон хизмат қилган ҳарбий хизматчиларга тест синовларида тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча имтиёз берилади ҳамда “Энг илғор сержант” танловининг республика босқичи ғолиблари олий ҳарбий таълим муассасаларига танлов (конкурс) дан ташқари қабул қилиниши ҳуқуқига эга бўлади.