Қуролли Кучлар ташкилий-штат тизимидаги ўзгаришлар

Қуролли Кучлар бошқарувининг ягона тизимини шакллантириш, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини, қўшин турларининг ўзаро алоқасини таъминлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш учун Қуролли Кучларнинг Бош штабини Бирлашган штабга айлантириш зарурияти юзага келди. 2000 йил 29 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларнинг Бирлашган штаби ташкил этилди. Мазкур фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бирлашган штаби Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қуролли ҳимояси бўйича қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ягона ташкилот ваколатини олди.

Қуролли Кучлар фаолиятидаги муҳим масалалардан бири – бу ёшларни ҳарбий хизматга жалб этиш масаласи бўлиб, бу борада ҳам янги тартиблар ишлаб чиқилди ва амалга киритилди. Маълумки, мустақилликка қадар, яъни совет даврида Ўзбекистондан чақирилган йигитлар, одатда, экстериториал тамойилга асосан республика ҳудудидан олисда, шу жумладан, иттифоқ чегарасидан ташқарида ҳарбий хизмат ўтар эдилар.

Қуролли Кучларни қайта қуриш уч босқичда амалга ошириш режалаштирилди. Биринчи даврда (1992-1993 йй.) катта ўзгаришлар киритиш кўзда тутилмаган. Керакли техника ва қурол-яроғларга эга бўлган қуруқликдаги қўшинларнинг бошқарув органлари жорий этилди. Иккинчи давр (1994-1996 йй.) давомида полкларни бригадаларга айлантириш амалга оширилди ҳамда махсус қўшин турлари, қисмлари ва бирлашмалари қайта ташкил этилди. Улар учун оз миқдордаги  маблағ талаб қилувчи қурол-яроғ ва техника сотиб олинди.

Учинчи босқичда (1997-2000 йй.) янги бирлашмалар ва қисмлар ташкил этилди, анча миқдорда маблағ талаб қилувчи қурол-яроғ ва техника сотиб олинди, шунингдек Қуролли Кучлар таркибига аниқликлар киритилди.

Биринчи давр

1992 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети “Мудофаа тўғрисида”, “Умумҳарбий мажбуриятлар ва ҳарбий хизмат тўғрисида”, “Муқобил хизмат тўғрисида” қонунлар, “Ҳарбий қасамёд тўғрисида”ги қарорни қабул қилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мудофаа ишлари вазирлигини Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига айлантириш тўғрисидаги қарорини тасдиқлади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ҳарбий ислоҳотларнинг биринчи даврида армиянинг ташкилий-штат тизимини такомиллаштириш ҳарбий қисмлар ва ҳарбий билим юртларини қайта қуриш ишлари амалга оширилди, шахсий таркибни ўргатиш ва тарбиялашнинг янгича тизими яратилди. 1992 йил 23 январда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Миллий гвардия ташкил этилди.

Ўтмиш аждодларимизнинг энг аввало, жаҳон тарихидаги буюк саркарда ва давлат арбобларидан бири Амир Темурнинг маънавий маданияти  мероси ҳаётга кўтариб чиқарилди. Бу даврда Қуролли Кучлар – Қуруқликдаги қўшинлардан, Ҳарбий ҳаво кучларидан, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларидан, Махсус қўшинлардан, Миллий гвардия ва Муҳандис-қурувчи қўшинлардан ташкил топган эди.

1993 йил октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан 105- ҳаво-десант дивизияси негизида 2- ҳаракатчан кучлари армия корпуси ташкил топди, 59- армия корпуси ўрнига 1- армия корпуси ташкил топди. Ҳарбий хизматчиларни ҳарбий интизомига, ватанпарварлик руҳида тарбияланишига катта эътибор қаратилди. Шу мунособат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил
23 сентябрдаги 445 – сонли қарори билан “Қуролли Кучларда ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш ва тарбиявий ишларни такомиллаштириш тўғрисида” ҳамда “Ҳарбий қисмнинг Жанговар Байроғи тўғрисида”ги қарор ва Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг қарори билан 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Иккинчи давр

1994 йил январида 108 – мотоўқчилар дивизияси тарқатиб юборилди, унинг ҳарбий қисмлари 1 – армия корпуси сафига киритилди. Тарқатиб юборилган полклар ўрнига мотоўқчилар, тоғ ўқчилари, танк, зенит артиллерияси бригадалари ташкил топди. 1994 йил апрель ойида республиканинг вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳрида мудофаа ишлари бошқармалари, шаҳар ва туманларда эса мудофаа ишлари бўйича бўлимлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳарбий хизматчиларга ғамхўрлик қилишда давом этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси “Муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Ўзбекистон Республикасининг “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденларини, ҳамда “Жасорат” ва “Шуҳрат” медалларини таъсис этиш тўғрисидаги қонунлари қабул қилинди.

Республикада миллий, юқори савияли офицер кадрларини тайёрлашга муҳим аҳамият берилди. 1994 йил сентябрь ойида Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси яратилди. Ҳарбий қисмларга янги намунадаги Жанговар Байроқларни тантанали равишда кенг оммани жалб этиб топшириш, ҳар бир ҳарбий жамоа учун муҳим воқеа бўлди.

1995 йилда Ўзбекистон ҳарбийлари биринчи марта АҚШнинг Луизиана штатида ўтказилган халқаро тинчликни сақлаш “Халқаро бирдамлик – 95” машқларида қатнашди. Бизнинг ҳарбийларимиз МДҲ давлатлари ҳарбий хизматчилари билан биргаликда Тожикистон ҳудудидаги фуқаролар уруши алангасини ўчиришда фаол иштирок этди.

Марказий Осиё давлатларидаги мураккаб ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб, Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Бу муаммони ҳал этишда Ўзбекистон билан Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида ҳарбий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шу билан бирга 1995 йил 15 декабрда Жамбулда учта давлат раҳбарлари билан учрашувида Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш масалалари чуқур кўриб чиқилди, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатларининг БМТ байроғи остида тинчликни таъминлаш батальонларини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.

1996 йил 26 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Амир Темур” орденини таъсис этиш тўғрисидаги Қонуни қабул қилинди, бу орден билан бугунги кунда буюк шахслар, жумладан, ҳарбий санъат ривожига ҳисса қўшган кишилар тақдирланадилар.

Қуролли Кучлар ҳаётида муҳим воқеалардан бири 1996 йил
9 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан Ички хизмат низомини, Интизом низомини, Қоровул ва гарнизон хизмати низомларининг қабул қилиниши бўлди. Саф низоми Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи билан 1996 йил 14 октябрда ҳаракатга киритилди. Ушбу низомларни ишлаб чиқиш жараёнида нафақат ҳарбий қурилишда тўпланган тажрибалар, балки шахсий таркибнинг миллий хусусияти, ўзбек халқининг менталитети ҳисобга олинди. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси юксак обрў-эътибор касб эта бошлади, унинг тингловчилари қўшинлардаги амалий малака оширишларда ўзларини энг яхши томондан кўрсатдилар.

Учинчи давр

1997 йил кўпгина муҳим воқеаларга бой бўлди. Қуролли  Кучлари Академияси ва ҳарбий билим юртларда артиллериячи, десантчи, зенитчи, ҳарбий учувчилар ва муҳандис-техник офицерлар, аэродром ва фронт орти офицерлари, шахсий таркиб билан ишлаш бўйича командир ўринбосарлари мутахасисликлари бўйича биринчи битирувчилар тайёрланди. Халқаро вазиятнинг мураккаблигини эътиборга олиб, халқаро террорчилар ҳаракатларини бартараф этиш мақсадида махсус операция батальонлари ташкил этилди. Ўзбекистоннинг халқаро ҳарбий ҳамкорликдаги янги босқичи “Центразбат-97”, “Центразбат-98” машқларининг Чирчиқ полигонида ўтказилиши бўлди. Биринчи марта бизнинг офицерларимиз ўқув нуқталарида АҚШ, Россия, Туркия  ва бошқа давлат ҳарбийларининг ўргатиш ишларини олиб боришди. Шу йили Тошкент ОУҚБЮ, Чирчиқ ОТҚМБЮ ва Самарқанд ОАҚМБЮ терма взводлари Норвегияда бўлиб ўтган халқаро машқларда иштирок этишди.

1998 йил  август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгаши мажлисида Мудофаа вазирлиги Бош штабини Қуролли Кучлар Бош штабига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг мақсади ҳарбий қурилишнинг яхлитлиги ва бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш, мудофаани режалаштириш, Мудофаа вазирлиги, чегара ва ички қўшинлари ҳамда бошқа вазирликлардаги ҳарбий бўлинмаларининг ҳаракатларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришдан иборат.

1998 йилда қўшинларнинг қайта ташкил этилганлиги боис Қуролли Кучларда ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бошланди.