Гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов курсантлар билан дона сурди

25

13 ёшидаёқ жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери сифатида тарих саҳифаларига муҳрланган ўзбек йигити Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси курсантлари учун маҳорат дарсини ўтди.

Аввалига шахматчи ва курсантлар ўртасида давра суҳбати ўтказилиб, курсантлар Нодирбекнинг фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Маҳорат дарси давомида ёш спортчига берилаётган саволларнинг кети узилмади.

Шундан сўнг ёш гроссмейстер курсантлар билан дона сурди. Профессионал шахматчи ўз тажрибасини намоён этиб, йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди.

“Нодирбек шаҳмат бўйича жаҳон чемпиони. FIDE устаси. 2012 йил Словенияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ва 2014 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медаль билан тақдирланган. 2017 йил халқаро турнирда учинчи бор халқаро гроссмейстер талабини бажарди. Иқтидорли ёш спортчининг бу муваффақияти жаҳон шахмат олами тарихида иккинчи натижа, дея эътироф этилди”, — дейди Нодирбекнинг мураббийи, халқаро гроссмейстер Саидали Юлдашев.

Таъкидлаш керакки Нодирбекнинг опаси Баҳора ҳам шаҳматда кўп ютуқларга эришган. Баҳора бир неча марта шаҳмат бўйича ўтказилган республика ва жаҳон чемпионатларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган. У беш карра Ўзбекистон чемпиони, FIDE устаси. 2013 йили Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. 2013 йил якунлари бўйича «Осиёнинг энг ёш шахматчиси» дея тан олинган.

Нодирбек ва Баҳоранинг отаси заҳирадаги подполковник Фазлиддин Очилов бўлади. Фазлиддин Очилов айни вақтда Қуролли Кучлар академиясида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда. Фазлиддин ака юртимиз шаънини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилиб келаётган мана шундай фарзандлар билан фахрланади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати