Мудофаа вазирлиги спортчиси Жаҳонгир Расулов Олмаотада ўтказилган бокс бўйича турнирда олтин медални қўлга киритди

27

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили Жаҳонгир Расулов 17—24 май кунлари Қозоғистоннинг биринчи мудофаа вазири армия генерали Сагадат Нурмагамбетов шарафига бағишлаб ўтказилган халқаро турнирда олтин медални қўлга киритди.

64 килограммгача бўлган вазн тоифасида рингга кўтарилган ўзбекистонлик спортчи бирин-кетин тўрт нафар спорт усталарини мағлуб этди. Жаҳонгир ўзининг биринчи жангида атыраулик спорт устасини енгган бўлса, иккинчи жангнинг биринчи раундида россиялик спортчини нокаутга учратди. Ярим финалда эса Чимкентдан келган боксчи устидан техник нокаут ҳисобига ғалаба қозонган ҳамюртимиз, финалда Қозоғистон ЦСКА жамоаси номидан турнирда иштирок этган боксчи устидан ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилинган қарори бўйича мутлақ ғолиб дея топилди.

Жаҳонгирнинг устози, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Уйғун Сиддиқовнинг сўзларига кўра, унинг шогирди бунга қадар Россияда ўтказилган халқаро турнирда биринчиликни эгаллаган, Ўзбекистон кубоги финалчисига айланган. Таъкидлаш керакки, Қозоғистонда Сагадат Нурмагамбетов турнирида ғолибликни қўлга киритган боксчилар спорт устаси номига сазовор бўлади.

Ўзбекистон терма жамоаси учун Олмаотада ғалаба қозониш нақадар қийин кечганини умумий натижалардан билиш мумкин: 1 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза. Яъни финалга олти нафар боксчимиз етиб борган бўлсада, фақатгина армия спортчиси ўзининг маҳоратини тўлиқ намойиш эта олди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати