Аккумуляторсиз “КамАЗ”, ўзи отар автомат, сув остида юрувчи робот! Рационализаторлик фестивалида нималар намойиш этилди?

101

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари фаолиятига замонавий илмий-техник ва рационализаторлик ишланмаларини киритиш мақсадида 25—26 май кунлари “Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмайди” шиори остида “TECHNO DISCOVERY—2019” фестивали ўтказилди.

Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” полигонида бўлиб ўтган ушбу фестиваль доирасида намойиш этилган ихтироларни мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазирлик мутасаддилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, шунингдек, барча ҳарбий округлар қўмондонлари бевосита кўздан кечириб, ҳар бирининг армиямиз манфаатлари учун қанчалик аҳамиятли эканлиги билан қизиқди.

Ўзбекистон армиясида биринчи бор ўтказилаётган бу турдаги кенг кўламли фестивалда уч юздан ортиқ ҳарбий хизматчилар ўзларининг янгича ёндошувлари асосида яратган ихтиролари, мавжуд техникаларга киритган ўзгартириш ва қўшимчалари, узоқ йиллардан буён фойдаланилмасдан келаётган қурилмаларни замон талабларига мослаштиргани билан алоҳида ажралиб турди.

Хусасан, махсус тадбирлар ўтказилувчи жойларда вужудга келаётган вазиятлар ҳақида маълумотлар йиғиш ва уларни қайта ишлаш, бошқарувни ташкиллаштириш мақсадида қўмондонлик ва тезкор штаб ишини амалга ошириш учун мўлжалланган ўзгарувчан ҳажмга эга мобил қўмондонлик-штаб пункти кўпчиликнинг эътиборини тортди.

“КамАЗ” юк машинасининг базасига ўрнатилган ушбу пунктни яратишга 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфланган бўлиб, бир ёки икки киши уни тўлиқ иш жараёнига тайёрлашига 10 дақиқа сарфлайди. Унинг ёрдамида видеоконференцияларни ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз амалга ошириш мумкин. Айни вақтда мазкур мобил пунктлар Мудофаа вазирлиги ташкилотларида ишлаб чиқиш йўлга қўйилмоқда.

Фестивалнинг яна бир кўзга кўринган лойиҳаларидан бири бу — десантчининг ўқув-машғулот комплекси. Мазкур комплекс шахсий таркибни парашютдан сакрашга мукаммал ва ортиқча харажатларсиз тайёрлашга мўлжлланган. Унинг ёрдамида десантчининг учиш аппаратидан сакраганидан бошлаб бажарадиган барча амалий ҳаракатларини ернинг ўзида тўлиқ синаб кўриш мумкин. Бундан ташқари “УТКД-1” қурилмаси визуализатсия тизими билан жиҳозланган бўлиб, ундаги махсус дастурий таъминотга эга дастурий-аппарат модули ёрдамида виртуал реаллик ҳосил қилинади.

Автоматни масофадан туриб бошқариш қурилмаси эса кўпчиликка Голливуднинг “Шоқол” фильмини эслатиб юборди.

Фестивалда ҳарбий-техник соҳага оид ишланмалардан ташқари ҳаётнинг барча жабҳаларида фойдаланиш учун мўлжалланган инновацион лойиҳалар ҳам иштирок этди.

Жумладан, сув остида мустақил ҳаракатланувчи робот, 3D модель орқали робот ҳаракати дастурини автоматик яратиш тизими, одамнинг юз қиёфасини таниш орқали у ҳақида маълумот бериш дастури, зарарланган ҳудудлардан турли намуналарни олиб келувчи робот ва бошқа кўплаб шу турдаги ихтиролар йиғилганларнинг қизиқишини янада орттирди.

Бир вақтнинг ўзида 4 та аккумулятор батареяларини зарядлаш имконига эга кўчма батарея модули эса нафақат ҳарбий хизматчиларга, балки узоқ йўлга отланган бошқа касб эгаларига ҳам асқотиши шубҳасиз.

Шунча рационализаторлик ишлари орасида ёшлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Чақириққача ёшларни дастлабки ўт очиш кўникмалари билан таништириш мақсадида яратилган мобил тир айнан бўлғуси Ватан ҳимоячиларига мўлжалланган. Бунда ҳаракатланувчи нишон пневматик винтовка ва тўппонча ёрдамида ўққа тутилади. Унинг бошқа тирлардан афзаллиги — 12 метрли контейнердан ясалгани ва исталган оғир техника ёрдамида ташиш қулайлигида.

Аккумуляторсиз ўт оладиган “КамАЗ” юк машинаси, минг метргача узоқликдаги нишонга олишга ёрдам берадиган тунгги кўриш мосламаси, ҳарбий кадрлар билан ишлашда индивидуал ёндашувни кучайтиришга мўлжалланган дастурий таъминот шу ва бошқа турдаги кўплаб янгиликлар Ўзбекистон армияси ва ҳарбий хизматчиларнинг келажакдаги фаолиятига янада самара бағишлашига ишончимиз комил.

Фестивал якунида генерал-майор Баҳодир Қурбонов Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолларига “Намунали хизмати учун” кўкрак нишонларини, фестивални ташкил этишда жонбозлик кўрсатган ҳамда ўзининг рационализаторлик ишлари билан кўпчиликнинг диққатини тортган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвон ва эсдалик совғаларини топширди. Ҳарбий округлар ҳамда ҳарбий қисмлар қўмондонликлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги автобуслар билан тақдирланди.

Фестиваль иштирокчилари эътиборига Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри, шунингдек, таниқли эстрада хонандалари томонидан ҳавола этилган кўнгилочар тадбирлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Бундан ташқари полигонда ташкил этилган китоб ярмаркаси, совринли викторина ўйинлари ҳамда маданий тадбирлар фестивалга келган аҳолининг мароқли дам олишини таъминлади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати