Ўзбекистон – Беларусь: Ҳамкорликдаги тактик-ўқув машғулотлари муваффақиятли якунланди

94

Кеча, 23 май куни “Жанговар ҳамдўстлик–2019” шиори остида Ўзбекистон–Беларусь махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган ҳамкорликдаги махсус тактик-ўқув машғулотларининг асосий қисми якунига етди.

Мазкур машғулотларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳамда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Беларусь қуролли кучлари делегацияси вакиллари бевосита кузатиб борди.

“Жанговар ҳамдўстлик–2019” тактик-ўқувида режалаштирилган барча машғулотлар умумлашиб, ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларининг юксак жанговар шайлиги, тезкорлиги ва аниқлигини ифода этди. Ватанимиз ва меҳмон ҳарбийлари разведка хизматининг тўлиқ маълумотларига асосан шартли душман ўрнашган ҳудудни қуршаб олди. Ҳамкорликдаги махсус бўлинмаларнинг “гаровга” олинган шахсларни озод этиш ҳамда шартли ноқонуний қуролланган тўданинг сўзсиз таслим бўлиши ҳақидаги талаби кескин рад этилгач, уларнинг мудофаа чизиғи қақшатқич зарбаларга дучор бўлди.

– “Жанговар ҳамдўстлик – 2019” доирасида ўтган машғулотлар ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларининг замонавий жанг амалиётларидаги муҳим тажрибаларини оширди, – дейди ўзбекистонлик подполковник Фарҳод Рустамов. – Ҳарбий хизматчилари шартли душман мудофаа чизиқларини зирхли техника орқали ёриб кириш, гуруҳларга бўлинган ҳолда тезкор тактик ҳаракатлар билан қуролли тўдаларнинг пистирмаларини бомбардимон этиш, тепаликлардан арқон ёрдамида тушиш вазифаларини аъло даражада бажардилар.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 вертолётининг десантлаштириш ҳаракатлари шартли душман мудофааси орт қисмини ўққа тутиш имконини яратди. Гаровга олинган болалар ва фуқароларни ўзбек ва беларусь ҳарбийлари беталафот эвакуация қилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Поп тумани бўлими ва тез тиббий ёрдам тезкор ходимлари томонидан жароҳатланган шахсларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, эвакуацияси амалга оширилди, ёнғинлар ўчирилди. Ҳудуд хавфдан буткул холи бўлди.

“Жанговар ҳамдўстлик–2019”нинг ёпилиш маросимида иштирок этган ҳар икки мамлакат мутасадди вакиллари мазкур замонавий жанг амалиёти намойишининг юқори савияда ўтганини эътироф этди. Махсус тактик-ўқув машғулотлари давомида ўрнак бўлган ҳарбий хизматчилар ҳар икки мамлакат мудофаа идоралари томонидан тақдирланди.

Меҳмонлар шарафига Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган сайлда ўзбек миллий қадриятлари, урф-одатлари ва ҳунармандчилик намуналари акс этган экспозициялар, шунингдек ўзбек миллий таомларининг тайёрланиш жараёнлари ҳақида маълумот берадиган кўргазмалар меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Ҳарбий оркестр ижодий жамоаси ҳамда сўлим водийнинг таниқли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрам кайфиятини уйғотди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати