Чирчиқда ҳарбий оилалар бекалари учун янги иш ўринлари яратилди

88

Бугун, 21 май куни Чирчиқ шаҳридаги “Ғалаба” маҳалласи ҳудудида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш мақсадида янги ташкил этилган тикувчилик ва тўқувчилик цехининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Корхонанинг очилиш маросимида Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишловчи мутахассислар, Республика оила илмий-амалий маркази Чирчиқ шаҳар бўлими бошлиғи Турсуной Бўтаева,  Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Миргазиева, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Бу ерда харид қилинган 24 та янги тикув машиналарида тикиш-бичиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали Жанубий Кореянинг “Тех-макс” компаниясидан қабул қилинган 6 та тўқув дастгоҳида қишки ва ёзги пайпоқлар тўқиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Бунинг натижасида 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлиги таъминланишига эришилмоқда.

Ишчиларга ҳозирча 1 миллион сўм ойлик маош ва икки маҳал бепул овқат билан таъминлаш ваъда қилинган. Корхона ривожланган сари рағбатлантириш ҳам ўсиб бораверади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати