Аскарлар Ҳарбий қасамёд қабул қилишди

278

Сафда турган йигитлар бирин-кетин Ҳарбий қасамёд қилишни бошлади: “Мен  оддий аскар ……. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, халқимга, Президентимга содиқ бўлишга тантанали равишда қасамёд қиламан…”. Бу шунчаки айтилган сўзлар эмас. У юртга меҳр-муҳаббати, садоқати чексиз дил изҳори.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида жорий йил муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар тантанали тарзда Ҳарбий қасамёд қабул қилишди.

Ҳарбий қасамёд тантанасида иштирок этган инсон борки, бугун юртимизда Ватанга хизмат қилишни шараф деб билувчи ана шундай қалби қайноқ, фидойи ва ватанпарвар авлодлар вояга етаётганидан  беҳад шод бўлгани, шубҳасиз. Айниқса бу тантаналар  келажак сари ташлаган қадами муваффақиятли бўлган ўғлонлар ва улар ота-оналарининг қалбини фахр ва ифтихорга тўлдирди.

Тантаналар Марказий, Шарқий, Шимоли-ғарбий, Жануби-ғарбий махсус ва Тошкент ҳарбий округларида катта шодиёна билан нишонланди.

Тадбирларда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари,  аскарларнинг ота-оналари иштирок этиб, бугун миллий армиямиз сафларини тўлдириб, юртни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни бажаришга шай турган йигитларни самимий табриклашди. Уларга шарафли йўлда улкан омадлар ёр бўлишини тилашди.

Шодиёналар Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ва маҳаллий санъаткорлар томонидан тақдим этилган концерт дастури ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари билан янада файзли бўлди.

Тантанали тадбирлар ниҳоясига етгач, аскарлар ўз хурсандчилигини ота-оналари, яқинлари билан баҳам кўришди.