Хитой ҳарбий делегацияси Ўзбекистонда офицер кадрларни тайёрлаш масаласи билан танишди

54

12—15 май кунлари Хитой халқ миллий озодлик амияси вакиллари Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида бўлиб, бу ердаги таълим жараёнлари билан танишди.

Хитой Миллий мудофаа академияси сиёсий ишлар бўйича бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Суй Гуйжун бошчилигидаги ҳарбий делегациянинг Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ташрифи давомида ҳарбий соҳага оид бир қатор масалалар бўйича тажриба алмашилди.

Ташрифдан кўзланган мақсад Академия профессор-ўқитувчилари билан тажриба алмашиш, офицер кадрларни тайёрлаш масаласини ўрганиш, Қуролли Кучларда ўтказилган ислоҳотлар ва унинг қурилиши бўйича ўзаро фикр алмашиш ҳамда ҳарбий қисмлардаги жанговар тайёргарлик билан танишишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари, Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий йўналишда ҳамкорликни янада ошириш, кадрлар тайёрлашда ўз тажрибаларимизни ўртоқлашиш муҳим масалалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг октябрида генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация Хитойга расмий ташрифи давомида ХХР Миллий мудофаа университети раҳбарияти билан учрашиб,  икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олган эди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати