Ҳарбий спортчилар уруш фахрийси хонадонида бўлди

39

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Мудофаа вазирлиги спорт клубининг бир гуруҳ спортчилари ва мураббийлар Мирзо Улуғбек туманидаги «Аҳмад Югнакий» маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Евгения Грачева хонадонида бўлишди.

Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича чемпион лейтенант Руслан Нуриддинов, Осиё чемпионатининг енгил атлетика бўйича совриндори Александра Юркевская, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича бир неча бор Осиё ва жаҳон чемпионати совриндорлари Нилуфар Зокирова ва Дилноза Раҳматовалар фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан Евгения Сергеевнани самимий табриклади. Совға-саломлар улашиб, сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади.

Юзма-юз суҳбатлар чоғида фахрий онахон дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланиб, шу орқали Ватанимиз тинчлиги учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати