“Ботаника боғи” шанба ва якшанба кунлари ҳам юртимиз аҳолисига хизмат кўрсатади

20

Кеча, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Ботаника боғи”да тантанали байрам маросими ўтказилди. Кун давомида боғ ҳудудидан ўрин олган уруш даврига оид ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳа ҳамда ўша даврни ўзида ифодалаган кўргазмалар намойиш этилди.

Республика аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида боғ ҳудудига шанба ва якшанба кунлари (11—12 май) бепул кириб-чиқиш таъминаланади. Шу кунларда боғ ҳудудидан ўрин олган барча экспозициялар тўлиғлигича фаолият кўрсатади. Саҳна кўринишлари такроран соат 10.00, 12.00, 14.00, 16.00 ва 18.00да қўйилади.

Ҳозирда боғда ҳамюртларимиз учун Иккинчи жаҳон уруши даврига оид “Т-34”, “ИС-2” танклари, ўзиюрар артиллерия қурилмалари, Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг оиласига бағишланган экспозиция, уруш йилларида фаолият олиб борган қишлоқ кенгаши биноси, зирҳли ва ҳарбий автомобиль намуналари ва бошқа шу турдаги кўплаб инсталляциялар ўрин олган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати