Тошкентдаги “Ботаника боғи”да ўтказилган байрам сайлидан фоторепортаж

28

Пойтахтимизда жойлашган “Ботаника боғи”да 9 май  – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан байрам сайли ўтказилди.

Боғда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан ташкил этилган Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги урушга сафарбарлик, қирғинбаротнинг даҳшатли тасвирлари ва эришилган ғалаба акс этган декорация ва инсталляциялар, ўша даврга тааллуқли жанговар техника ва қурол-яроғлар, шунингдек фронт ортида ғалабани мардонавор таъминлаган заҳматкаш халқимизнинг сиймоси бу ерга ташриф буюраётган юртдошларимизнинг диққат марказида бўлиб, уларда катта тассуротлар уйғотди.

  • Иккинчи жаҳон уруши жанг саҳналари намойиш этилган бадиий фильмларни кўп кўрганман, – дейди талаба Ҳасан Усмонов. – Аммо мазкур фильмлар ушбу сайлгоҳда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан юқори савияда ташкил этган, мен ҳозир кўриб турганим – уруш саҳналаричалик ҳаяжонлантирмаган. Бу йилги байрам ўзгача шукуҳда ўтмоқда. Буни юртдошларимизнинг кўтаринки кайфиятидан билиб олиш қийин эмас.

Тошкент вокзалидан билаги кучга тўлган йигитларни урушга жўнатиш нуқтаси, Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи палласида душман қароргоҳининг яксон этилган ҳолати тасвирланган махсус майдон, энг мусибатли дамларда ҳам халқимизга хос ирода ва мардонаворлик кўрсатган уста Шомаҳмудовлар оиласининг ўзга халқлар болаларига кўрсатган оталарча муруввати акс этган саҳналар, айниқса сайилгоҳга ташриф буюрган кексаю ёш қалбида тинчлик-хотиржамлик аталмиш улуғ неъматнинг қадрига етиш, ҳарбий-ватанпарварлик, Ватанни севиш туйғуларини жўш урдирди.

Минглаб юртдошларимизнинг “Ботаника боғи”га ташрифи давом этмоқда. Бутун мамлакатимиз бўйича 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни шукуҳи уфуриб турибди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати