Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ёшлар сараланмоқда

370

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг буйруғи билан 2018 йилда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшларни саралаш бўйича қабул комиссияси ташкил этилди.

Номзодларни саралаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ ҳамда Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиблари тўғрисидаги низомларга асосан олиб борилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига тингловчиларни саралаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ҳарбий-профессионал йўналиш;

Дастлабки танлаш;

Ҳарбий-профессионал танлаш;

Тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш.

Дастлаб кичик комиссия таркиби томонидан номзодларнинг индивидуал-психологик сифатлари ўрганилиб, уларнинг жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилади. Саралаш ишлари вилоятлардаги мудофаа ишлари бошқармаларида     1 апрелдан 20 майга қадар ўтказилади. Номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилиб, жадвалга мувофиқ якуний тиббий гувоҳлантириш, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билими, ёзма иши (диктант) текширилади.

Номзодлар 1 июндан 25 июнга қадар икки босқичда якуний тиббий кўрикдан ўтказилади. Биринчи босқич 2017 йилгача таҳсил олган ҳамда шу йилнинг ўзида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни 15 июнга қадар, иккинчи босқичда эса 2018 йил битирувчиларини 25 июнгача чақириш ишлари якунланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан белгиланган тест синовларини ўтказилиши ҳамда номзодларни олий ҳарбий таълим муассасаларга қабул қилиш ва уларни мутахассислиги бўйича тақсимлаш каби тадбирлар белгиланган.

2018 йилда номзодлар Мудофаа вазирлигининг қуйидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси умумқўшин факультети;
  2. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти;
  3. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти;
  4. Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети;
  5. Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий тиббиёт факультети.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

Номзодлар уч тилдан — ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини шахсан танлаган ҳолда тест синовлари топширадилар.

Эслатма ўрнида.

Олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган ўн етти ёшдан йигирма бир ёшгача бўлган (ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган) фуқаролар, шунингдек, ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар (ҳарбий хизматни ўтаган ёки ўтаётган йигитлар) топширишлари мумкин.

Номзодларнинг жисмоний тайёргарлиги қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

  1. Турникда тортилиш машқи фуқаро ёшлар учун 12 маротаба – «аъло», 10-11 маротаба – «яхши» ҳамда 8-9 маротаба тортилганда – «қониқарли» баҳо қўйилади.
  2. 100 метрга югуриш машқи фуқаро ёшлар учун 14,0 сония ичида бажарилган тақдирда – «аъло», ушбу масофани 14,1-14,4 сонияда босиб ўтилганда – «яхши» ҳамда 14,5-15,0 сонияда бажарилганда– «қониқарли» баҳо қўйилади.
  3. 3000 метрга югуриш машқлари стадионнинг югуриш йўлакчалари бўйлаб, фуқаро ёшлар учун 12,40 дақиқа ичида бажарилган тақдирда – «аъло», 12,40 дақиқадан кўп, бироқ 13,20 дақиқагача бажарилганда – «яхши» ҳамда 13,20 дақиқадан кўп, аммо 14,0 дақиқагача бажарилганда – «қониқарли» баҳоланади.