Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан табриги

402

Ўртоқ аскарлар, сержантлар, офицерлар ва генераллар!

Ҳурматли Қуролли Кучлар хизматчилари ва фахрийлари!

Табиат уйғониб, атроф яшил либосга бурканиб бораётган шу кунларда яшариш ва янгиланиш фасли, ҳаёт гултожи, инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўзи олам юртимизга кириб келиши билан барчангизни, сизларнинг тимсолингизда оила аъзоларингизни чин қалбимдан табриклайман.

Наврўз барчамиз учун неча минг йиллик тарихга, қадимий асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан йироқ шарқона янги йил бўлиб, эл-юртимиз табиатига онгу-тафаккурига чуқур сингиб кетган энг севимли баҳор байрамидир.
У аждодларимизнинг табиатни, дунёни, коинотни, ўзини-ўзи англаши билан меҳнат жараёнлари негизида шаклланиб, тараққиёт босқичларида халқимизнинг турмуш тарзи, эътиқоди, миллий қўшиқлари, ўйинлари, томошалари, маросимлари билан бадиий-эстетик равишда ривожланиб борган. Мазкур байрамдаги удум ва анъаналарнинг ҳар бири ўзига хос рамзий маъно касб этган бўлиб, замирида аждодларимизнинг эзгу мақсадлари ётади.

Тарихдан Наврўз фаслида турли низо ва адоватлар унутилиб, одамлар, миллат ва элатлар ўртасида меҳр-оқибат, саҳоват, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғулар янада кучаяди. Наврўзи оламнинг бу олижаноб қадрияти ҳарбий хизматчиларни бектакрор Ўзбекистонда тинчлик ва миллатлараро тотувликни сақлаш, мамлакатимиз хавфсизлиги, чегараларимиз дахлсизлиги, бунёдкор халқимизнинг осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга ундовчи муҳим восита эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган умумхалқ сайллари шаклида ўтаётган мазкур байрам ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама баркамол, маънавий етук, ватанпарвар, меҳнатсевар қилиб тарбиялашга, уларнинг дунёқарашини шакллантиришга қаратилган.

Наврўз ҳар йили юртимизга ризқ-рўз, тинчлик, омонлик, бахту-иқбол, қут-барака олиб келмоқда. Наврўз ўзининг ана шу эзгу хислатлари билан барча ёшларни, ҳарбий хизматчиларни юртимизда тинчлик ва осойишталикни, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни ҳимоя қилишга, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асрашга, Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва қудратини оширишга алоҳида аҳамият беришни тақозо этади.

Барчангизни яна бир бор Наврўз айёми билан чин юракдан табриклаб, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, эзгу ва хайрли ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида олиб бораётган фаолиятимиз Ватанимизга тинчлик, бахту саодат, ободлик ва фаровонлик олиб келсин.

Генерал-майор Абдусалом АЗИЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири