Лейтенант Надия Дусанова яна Осиё чемпионига айланди

94

Спорт оламидаги яна бир муҳим мусобақа – Қатар пойтахти Дохада бўлиб ўтаётган баландликка сакраш бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки муваффақиятларга бой бўлмоқда.

Осиёда тенгсиз бўлган Светлана Радзивил ҳамда Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси лейтенант Надия Дусанова мамлакатимиз шарафини юксакларга кўтарди. Қитъа чемпионатида лейтенант Надия Дусанова 1.90 метр баландликдан ошиб ўтгани учун ғолиблик нашидасини сурди.

Светлана Радзивил бу сафар бронза медали билан чекланди. Юртдошимиз қозоғистонлик рақибаси билан бирга бир хил 1.88 метр натижа қайд этган бўлса ҳам, уринишлар бўйича қўшни мамлакат вакили устунлик қилди.

Шу тариқа мазкур мусобақада терма жамоамиз вакилларининг жамғарган медаллари 3 та олтин ва 1 та бронзага етди. Бугун мусобақа якунланади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати