Наврўз марафонида уччала совринли ўрин ҳам Мудофаа вазирлиги вакилларига насиб этди

296

20 март куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси билан ҳамкорликда “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан пойтахтимизнинг марказий кўчаларида 21 км масофадан иборат “Наврўз – 2018 марафони” бўлиб ўтди.

Унда Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари, уюшмаган ёшлар, таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, фахрийлар, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ёшларнинг кундалик турмуш тарзига киритиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида ташкил қилинган марафон росмана байрамона тусда ўтди.

Марафонда иштирок этиш истагида бўлган 16 ёшдан 30 ёшгача кўнгилли ёшлар ҳамда фахрийлар учун махсус сайт яратилган эди. Белгиланган режалар ўзининг муносиб самарасини берди. 2018 метр, 3 ва 21 км масофаларда ғолибликка даъвогарлик қилган иштирокчилар ўзларининг чиниққанлик даражаларини намоён қилдилар.

Мудофаа вазирлиги Спорт клуби аъзоларидан 6 нафари ғолиблар сафидан ўрин олди. Жумладан, 2018 метрга югуриш бўйича 1-ўринни Қуролли Кучлар хизматчиси Нурхон Муҳиддиновага насиб этди. 3 км масофага югуришда Мудофаа вазирлиги Спорт клуби аъзоси Жаҳонгир Раҳматуллиев 2-ўринни эгаллади. 21 км масофага югуришда аёллар орасида ҳам мутлақ ғолибликни Мудофаа вазирлиги Спорт клуби аъзоси Тамилла Кучкарова қўлга киритди.

Эркаклар орасида 21 км масофага югуришда уччала совринли ўрин ҳам Мудофаа вазирлиги вакиллари – Шохруҳ Давлатов (1-ўрин), Владислав Мамедов (2-ўрин), Ортиқ Рамазонов (3-ўрин)га насиб этди. Марафон ғолиблари Фахрий ёрлиқ ҳамда велосипед билан тақдирланди.