Ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар дзюдо бўйича халқаро мусобақада ғолиблар қаторидан жой олди

67

20—23 апрель кунлари Бирлашган Араб Амирликларида дзюдо бўйича Осиё ва Океания чемпионати бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 39 мамлакатидан келган 286 нафар спортчи ғолиблик учун ўзаро кураш олиб борди.

Мазкур чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари ҳам қатнашиб, ғолиблар қаторидан ўрин олди. -52 кг бўйича аёллар ўртасида кечган беллашувларда Диёра Келдиёровага бас келадигани топилмади. У финалда мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасуренга ҳеч қандай имконият қолдирмасдан олтин медални терма жамоа ҳисобига ёзиб қўйди.

Ҳамюртларимиз Гулноза Матниёзова (-70 кг) ҳамда Шарофиддин Болтабойев (-81 кг) кумуш медал соҳибига айланган бўлсалар, Ҳикматилло Тўрайев (-73 кг) ва Муҳаммадкарим Хуррамовга (-100 кг) бронза медаллари насиб этди.

Дзюдо бўйича Осиё ва Океания чемпионатида Марказий Осиё республикалари номидан иштирок этган спортчилар жами 15 та медални қўлга киритди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати