МДҲга аъзо мамлакатлар тарбиявий ишлар органларининг навбатдаги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади

98

18 апрель куни Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа идораларининг шахсий таркиб билан ишлаш (тарбиявий ишлар) бошқарув органлари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Қўмита йиғилишида Озарбайжон, Арманисон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон республикаларидан келган ҳарбий делегациялар, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари Кенгаши котибиятининг раҳбарияти иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон номидан мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ҳам қатнашди.

Қўмита йиғилишида МДҲ мамлакатлари вакиллари 1941—1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллигини келаси йилда нишонлаш, хусусан, МДҲ мамлакатларида ҳарбий музейларда кўргазмаларни ташкил этиш масалаларини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон бу таклифларни маъқуллади.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари Ҳамдўстлик мамлакатлари доирасида ўтказиладиган халқаро мусобақаларни ташкиллаштиришни ҳам муҳокама қилди.

Йиғилиш якунида қўмита аъзоларининг навбатдаги учрашувини Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди.

Бундан ташқари меҳмон ҳарбий делегацияларнинг Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Ҳарбий университетига ташрифи ташкиллаштирилиб, тарбиявий ва ўқув жараёнлари билан танишишлари учун барча шароитлар яратиб берилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати