Сурхондарёда сержантлар форуми: полигонда амалий машғулотлар ўтказилди

90

Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи сержантлари форуми бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, сержантлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашиб, сержантлар таркибининг хизмат жараёнидаги ижтимоий-маиший ва бошқа турдаги муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Тадбирда Кичик командирларга миллий армиямизни янада ислоҳ этиш ва ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ҳамда устувор вазифаларни мазмун моҳиятини етказиш, бўлинмада жанговар тайёргарлик ҳисобини юритиш тартиби, шунингдек, жиноятчилик ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда сержантлар таркибининг тутган ўрни ва роли буйича вазифаларини етказишга эътибор қаратилди.

Тадбирнинг биринчи кунида турли машғулотлар, савол-жавоб тарзида учрашувлар ўтказилиб, барча қатнашчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Икинчи куни эса, компьютерлаштирилган тренажерлардан фойдаланган ҳолда отиш машқлари, психологик чидамлилик тўсиқларини енгиб ўтиш, шахсий таркиб кундалик фаолиятини таъминлаш ва омон колиш омиллари бўйича полигонда амалий машғулотлар ўтказилди. Форум якунида ҳарбий хизматчилар маданий тадбирларда иштирок этди.

Шунингдек, бу каби Сержантлар форуми Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида ҳам бўлиб ўтди. Сержантлар хизматининг аҳамияти борасида сўзланган маърузалар барчага бирдек маъқул бўлгани шубҳасиз.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати