Мудофаа вазирлиги аскарлари Ҳарбий қасамёдни қабул қилди

70

Бугун, 14 апрель куни Чирчиқ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларига жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскарларни Ҳарбий қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, масъул офицерлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, аскарларнинг ота-оналари иштирок этди. Шунингдек, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Чирчиқ шаҳридан икки минг нафарга яқин ёшлар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишнинг нақадар шарафли эканлигини, ёшларимизга Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби жасур аждодларимизга муносиб ворис бўлиш лозимлигини таъкидладилар.

Ҳарбий қасамёдга келтириш маросимидан сўнг, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг курсантлари томонидан тайёрланган қурол билан саф элементлари ва қўл жанги кўргазмали чиқишлари, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри жамоаси, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги муносабати билан билим юртининг аскарлари томонидан тайёрланган тарихий саҳна кўриниши эса барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Шунингдек, пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” монументи олдида Тошкент гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг муддатли ҳарбий хизматчилари ҳам Ҳарбий қасамёдни қабул қилдилар.

Тадбирлар давомида муддатли ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Президентининг совғаси — Амир Темурнинг “Темур тузуклари” ва “Ўзбекистон тарихи” китоблари тантанали тарзда топширилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати