Аскарлар Регистонда қасамёд қилди

58

Муаззам Регистон майдонида баралла жаранг сочган ушбу сўзлар нафақат маросимга йиғилганларнинг, балки бой тарихимиз, маданиятимизни кўриб, ундан баҳраманд бўлиб келган маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этмай қўймади. Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган бир гуруҳ оддий аскарлар она Ватанга содиқ хизмат қилишга ана шундай тантанали равишда ҳарбий қасамёд қабул қилишди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда сўзга чиққан Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А. Саидов ва бошқалар миллий армиямиз ҳар томонлама бугунги талабларига мос шаклланганлиги, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар, ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлиги ва салоҳияти сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Ҳарбий қасамёд қабул қилиб, Ватан ҳимоячиси деган улуғ номга сазовор бўлган аксарлар ўзларига билдирилаётган юксак ишонч ва эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.

— Ҳарбий хизмат ҳар бир йигит кишини бурчи, — дейди оддий аскар Низом Мамажонов. — Мана шундай бурчни ўташ учун аждодларимизнинг бебаҳо мероси муаззам Регистон майдонида ҳарбий қасамёд қабул қилганлигимиз бизга янада масъулият, шижоат ва ғурур бағишлайди. Мен ва сафдошларим ўз онтимизга содиқ қолиб, юртимиз сарҳадларини ҳар қандай ёвдан муносиб ҳимоя қилиб, она Ватанимиз олдидаги йигитлик бурчимизни мардонавор адо этамиз.

Юртимизнинг бебаҳо дурдоналаридан бири бўлмиш Регистон майдонида ҳарбий қасамёд қабул қилган аскарларга Президент совғаси — “Темур тузуклари”, “Ўзбекистон тарихи” китоблари топширилди.

УзА