Ўзбекистон куч тузилмаларининг ҳамкорликдаги машғулотлари якунланди (фоторепортаж)

128

Аввал хабар берилганидек, Шарқий ҳарбий округ худудида жойлашган барча қўшинлар ҳамкорлигидаги қўмондонлик-штаб машғулотлари бўлиб ўтди. Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони бошчилигида ҳамкорликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш, разведка ва бошқа муҳим маълумотларни тезкор алмашиш, шунингдек иштирокчи бўлинмаларнинг реал вақт мезонлари асосида самарали ва ягона бошқарувини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.

Таъкидлаш керак, машғулотларнинг амалий қисми ҳарбий округ ҳудудида жойлашган полигонлар ҳамда тоифаланган объектларда реал шароит ва вазиятларга имкон қадар яқинлаштирилган ҳолда ўтказилиши учун шароитлар муҳайё этилди. 50 га яқин бўлинмалар марш уюштирди, 200 квадрат километрга яқин ҳудудда ердан ва ҳаводан разведка ишлари олиб борилди. 60 га яқин шартли амалий машқлар ҳамкорликда бажарилди.

Ўқувларда иштирок этган Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги шахсий таркиби ҳам учта вилоятдаги ўта муҳим объект ва иншоотларнинг қўриқланиши кучайтирилган тизимда олиб борилди. Қўриқланаётган ўта муҳим объектларда шартли машғулотлар ўтказилди.

Ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотларининг яна бир амалий жараёнлари Шарқий ҳарбий округи Фарғона дала-ўқув майдонида давом этди. Уни Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерлари кузатиб боришди. Машғулотларда давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш, эҳтимолий чегара бузилиш ҳолатларини тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, фавқулодда вазият юзага келганда куч тузилмалари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари намойиш этилди.

Мамлакатимизнинг шарқий ҳудудларида бўлиб ўтаётган ушбу машқлар барча бўлинмаларнинг жанговар вазифаларни биргаликда бажариш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.

Ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотлари бугун, 13 апрель куни якунланди. Ҳарбий бўлинмалар доимий жойлашган жойига қайтарилди.

Машғулотлар якунида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан рағбатлантирилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати