Ўзбекистон шарқида машғулотлар давом этмоқда: Қуролли Кучлар куч тузилмалари бир жамоа бўлиб ҳаракатланмоқда

157

Аввалроқ хабар берилганидек, 9 апрелдан бошлаб Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулоти бошланган. Қуролли Кучларнинг барча таркибий қисмлари томонидан биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича ўтказилаётган машғулотлар 13 апрелга қадар давом этади.

Машғулотларга Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва бошқа бўлинмалари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

Бугун, 11 апрель куни Шарқий ҳарбий округининг бир нечта полигонида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти режасига мувофиқ куч тузилмаларининг минтақадаги вазият беқарорлигининг олдини олиш ҳамда чегараолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳаракатига оид масалалари амалда кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, ўқув машғулоти Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғининг раҳбарлигида ўтказилмоқда

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати