Қуролли Кучлар ахлоқий-руҳий таъминот концепциясини амалга ошириш механизмлари бўйича форум ўтказилди

66

Кеча, 10 апрель куни Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ахлоқий-руҳий таъминот концепциясини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқишга бағишланган биринчи форум бўлиб ўтди.

Унда Қуролли Кучларнинг барча тизимида тарбиявий ва мафкуравий ишлар йўналиши бўйича масъул ҳарбий хизматчилари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси вакиллари иштирок этди.

Форумда Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов сўзга чиқиб, ахлоқий-руҳий таъминот концепциясининг аҳамияти, унда белгилаб берилган вазифаларни қўшинларда кенг татбиқ этиш чора-тадбирлари масаласига алоҳида тўхталди.

Ушбу мавзу доирасида илк бор ўтказилаётган форумда сўз олган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари қўшинлар ахлоқий-руҳий таъминоти тарихи, бугунги глобаллашув жараёнида жаҳон мамлакатлари томонидан қўлланилаётган тажрибалар, концепцияни Қуролли Кучларимизда юксак даражада татбиқ этишга доир зарур фикрларини баён этдилар.

Форум давомида иштирокчилар томонидан билдирилган ўринли фикр-мунозаралар ва таклифлар инобатга олиниб, келгусида жорий этилиши белгиланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати