Фарғона “Темурбеклар мактаби”га Амир Темур бюсти ўрнатилди

98

Кеча, 9 апрель куни Фарғона вилоятида жойлашган “Темурбеклар мактаби”да буюк Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги ҳамда Соҳибқирон бюстининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Шарқий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, фахрийлар, вилоят фаоллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Амир Темур бюсти буюк давлат асосчиси Соҳибқирон бобомизнинг муборак номи, бой мероси ва хотирасини улуғлаш, унинг улуғ саркарда сифатидаги ҳарбий салоҳиятини намоён этиш билан бирга, ҳарбий хизматчилар, айниқса, ёшлар қалбида ватанпарварлик, буюк аждодларимизга ҳурмат, ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Тадбир қатнашчилари буюк Соҳибқирон бюсти пойига гулчамбарлар қўйди. Маросим давомида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқиб, Амир Темур давлатчилиги, унинг одил сиёсати ҳақида фикр билдирди.

Тадбир якунида Фарғона вилояти ҳокими ҳарбий хизматчиларга “Темур тузуклари” китобини улашди.

Шу куни Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида жойлашган Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида ҳам “Амир Темур – адолат ва қудрат тимсоли” ғояси остида буюк аждодимизнинг бюст мажмуаси очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Қашқадарё вилоят Амир Темур жамоаси фонди рахбари – Қарши давлат унверситети  профессори Очил Бўриев, Қашқадарё вилоят Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баходир Абдураззоқов, Муборак туман “Муборакнефтгаз” МЧЖ раҳбари Қахрамон Қурбонов,  туман ҳокимлиги ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир сўнгида мазкур мажмуани қурилиш ишлари ва ташкил қилишда амалий ёрдамлари учун хомий ташкилотларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати