Нукусда тарбияси оғир ёшлар билан «Армияда бир куним» акцияси ўтказилди

125

Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида ўқувчи ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида «Темур тузуклари билимдони» викторинаси ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Соғиндиқ Турмонов, ШҒҲО қўшинлари қўмондони ўринбосари Искандар Маллаев, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда 350 нафарга яқин ўқувчи ёшлар иштирок этди.

«Очиқ эшиклар куни» доирасида ўтказилган тадбирлар давомида Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк тарихий шахслар ҳаёти ва ижодига бағишланган викторина, тимбилдинг деб номланувчи ноанъанавий жамоавий ўйинлар, ҳарбий қисм Ёшлар иттифоқи етакчилари билан ўқув тренинглар, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди.

Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида эса Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчилари иштирокида ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг фарзандлари учун маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Болажонларга аждодларимиз томонидан қолдирилган улкан маънавий мерослар ҳақида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари ШҒҲО қўмондонлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида «Армияда бир куним» номли акция ўтказилди.

Профилактика ҳисобида турувчи ва тарбияси оғир бўлган 40 га яқин ёшлар ҳарбий қисмдаги аскарлар взводи сафларига қўшилиб, бир кун давомида белгиланган назарий ва амалий машғулотларда иштирок этди.

Эрталабки бадантарбия, эрталабки кўрик, нонушта, жанговар тайёргарлик, маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик танловлари ҳарбий қисмга ташриф буюрган ёшларни бефарқ қолдирмади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати