«Менинг армиям — менинг фахрим!» танлови ғолиблари тақдирланди

7

Кеча, 10 январь куни Тошкент фотосуратлар уйида «Ватан ҳимоячилари куни»га бағишланган тадбирлар қаторида «Менинг армиям — менинг фахрим!» ижодий ишлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танлов ҳар йили 14 январь — «Ватан ҳимоячилари куни» арафасида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда республикамизда истиқомат қилаётган эркин ижодкорлар ўртасида Қуролли Кучлар давлат музейи ва Ўзбекистон Бадиий академияси иштироки ва кўмагида ўтказиб келинади.

Танловда маҳоратли юртдошларимиз томонидан яратилган 75 нафар муаллифнинг 250 дан ортиқ ижодий ишлари, фотосуратлар, Қуролли Кучлар фахрийлари портретлари, баннерлар, кўргазмали-тарғибот воситалари каби асарлар намуналари намойиш этилди.

Кўрик-танловда ҳаваскорлар йўналиши бўйича қуйидагилар ғолиб деб топилди:

  • фотография, фотоколлаж йўналиши бўйича — Маҳмуд Юсупов;
  • тасвирий санъат графика, миниатюра йўналиши бўйича — Хасан Эгамбердиев;
  • кўргазмали-тарғибот воситалари (плакат, баннер, флайер) — Ортиқбой Қурамбоев.

Профессионал йўналишда ғолиб бўлганлар:

  • фотография, фотоколлаж йўналиши бўйича — Оқил Ғуломов;
  • тасвирий санъат графика, миниатюра йўналиши бўйича — Улуғбек Маматўраев;
  • кўргазмавий-тарғибот воситалари (плакат, баннер, флайер) — Александр Тихомиров.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Қуролли Кучлар Давлат музейи директори Мусаллим Нуриддинов, армиямиз фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари қатнашдилар.

Маросим якунида Акмал Нур 1999—2000 йилларда Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида бўлиб ўтган қўпорувчилик ҳаракатларида мардларча ҳалок бўлган ҳар бир ҳарбий хизматчининг портретларини Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейига топширди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати