Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Нукус гарнизонига саёхат қилди

8

Хўжайли туманида жойлашган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Нукус гарнизонида ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишди.

«Ватанпарварлик ойлиги» доирасида уюштирилган экскурсия жараёнида ёшлар гарнизон ҳудудидаги ҳарбий қисм ётоқхонаси, ўқув корпуслари, ошхона ва кутубхона билан танишдилар. Капитал реконструкция қилинган ўқув корпусида бўлдилар.

Шунингдек, меҳмонларга мерганлик, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа, ҳарбий топография, махсус тактик ва алоқа тайёргарликлари бўйича бошланғич тушунчалар берилди. Замонавий компьютерлаштирилган ўқ отиш хонасида ўтказилган амалий машғулотлар ҳамда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида ташкил этилган «Энг яхши чавандоз» ўйинлари барчага бирдек манзур бўлди.

Экскурсия якунида болажонлар учун ҳарбийлар ошхонасида байрам дастурхони ёзилди. Бу каби тадбирлар болажонларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини шакллантиришга, уларда Ватанга бўлган муҳаббатини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2018 йилнинг ноябрь ойида мазкур гарнизонда бўлиб, ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишган эди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати