​Ҳарбий пенсионерлар ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди

8

Мудофаа вазирлиги Спорт клуби стадионида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида футбол мусобақаси бўлиб ўтди. Унда фахрийлардан таркиб топган “Сергели” ва “Мудофаа вазирлиги” футбол жамоалари ғолиблик учун тўп сурди.

Майдонда ҳудди навқирон футболчилардек ҳаракат қилган фахрийлар тўқнашуви муросасиз тус олди. Ўйин биринчи таймида ҳимоявий-ҳужум тактикасига асосланган бўлса-да, дарвозалар дахлсизлигича қолди: 0-0. Иккинчи таймда “Мудофаа вазиргиги” жамоаси ҳисобни очди. Орадан кўп вақт ўтмай, “Сергели” фахрийлари жамоаси ҳисобни тенглаштирганига қарамай, шу дақиқанинг ўзида рақиб жамоа яна бир бор дарвозабонни доғда қолдиришга эришди: 2-1.

“Сергели”нинг тинимсиз амалга оширган комбинациялари ўз сўзини айтди. Улар сўнгги дақиқаларда гол уришга муваффақ бўлишди. Ҳисоб: 2-2. Қолган дақиқалар ҳам тенг курашлар остида кечди. Асосий вақтда ғолиб аниқланмагани туфайли ҳакам пеналтилар сериясига старт берди.

Пеналтилар бўйича “Мудофаа вазириги” жамоасидан “Сергели” 3-2 ҳисобида устун келди.

Ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Таъкидлаш керакки, Мудофаа вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида нафақадаги ҳарбий хизматчилар ҳам алоҳида эътиборга олинмоқда.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати