Конференцияда инновацион лойиҳалар ҳам тақдим этилди

2

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида “Профессионал армиянинг ривожланишида рақамли иқтисодиёт ва интеллектуал тизимларнинг ўрни” мавзусида республика илмий-услубий конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, мамлакатимизда фаолият юритаётган нуфузли алоқа компаниялари ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок эди.

Таъкидлаш керакки, Қуролли Кучларнинг янада ривожланишида рақамли иқтисодиёт ва интеллектуал тизимларнинг ўрни муҳим. Бугунги кунда мудофаа тизимида энг яхши ишланмалар ва ғояларни такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижодий салоҳиятидан унумли фойдаланиш, ҳарбий қисм ва муассасаларнинг ўқув-моддий базасини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конференция давомида меҳмонлар Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантлари ва проффессор-ўқитувчилари томонидан яратилган илмий ва инновацион лойиҳалари кўргазмаси билан яқиндан танишди.

Кўргазмада “Автоматлаштирилган Т-72 танки мажмуавий симуляцион тренажёр қурилмасини яратиш усул ва алгоритмлар”, “Дастлабки тиббий маълумотларнинг автоматлаштирилган ўлчов тизими асосидаги электрон маълумотлар базаси”, “АК-74 автоматининг инттерфаол дастури” каби бир қатор инновацион лойиҳалар тақдим этилди. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва мутахассислар томонидан мазкур инновацион лойиҳа ва ишланмаларни янада такомиллаштириш ва амалиётга тадбиқ этиш лозимлиги таъкидланди.

Кўргазмада ўз ишланмалари билан фаол иштирок этган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мудофаа вазири томонидан рағбатлантирилди.

Лейтенант Шоҳруҳ САИДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти