Нурафшонда ҳарбий-ватанпарварлик акцияси

2

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида мингдан ортиқ ёшлар иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик акцияси ўтказилди. Тадбир Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисмлари, Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамбли, Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тантанани шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов кириш сўзи билан очиб, бундай тадбирлар нафақат ўсиб келаётган миллионлаб ёшлар қалбида ватанпарварликни шакллантиришга, балки улар орасида ҳарбий касбга бўлган ҳавас ва қизиқишлар ортишига, шунингдек армия ва халқ якдиллигини таъминлашга ҳам хизмат қилишлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, алоқа ҳарбий институти курсантлари томонидан яратилган робототехникалар намунаси, учувчисиз учиш аппаратлари, десантчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар, ҳарбий ансамбл ҳамда маданият ходимлари ижросидаги куй ва қўшиқлар намойиш этилиб, иштирокчиларга қувонч улашди.

Капитан Шерқўзи ҲАКИМОВ