МДҲга аъзо давлатлар қуролли кучлари Штаб бошлиқларининг навбатдаги йиғилиши

11

Бугун, 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар қуролли кучлар Штаб бошлиқлари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Штаб бошлиқлари қўмитаси ишида Aрманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон қуролли кучлари Бош штаблари бошлиқлари, шунингдек МДҲ Ижроия қўмитаси делегациялари иштирок этди.

Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов йиғилишни очар экан, жорий йилда халқаро ҳамкорликка оид кўплаб тадбирлар видеоконференц алоқа тарзида ўтказилаётган бир пайтда Штаб бошлиқларининг бугунги юзма-юз ташкил этилган учрашуви ўзаро муносабатларнинг, ишонч ва яхши қўшничиликнинг юқори даражада эканлигининг тасдиғи, деб таъкидлади.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев эса ўз кириш сўзида Ҳамдўстлик ҳудудидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, МДҲ мамлакатлари мудофаа вазирликларининг терроризмга қарши биргаликда ҳаракат қилиши эканлигини қайд этди.

Йиғилишда кун тартибига мувофиқ МДҲга аъзо давлатлар ҳарбий идораларининг мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. МДҲга аъзо давлатларнинг қуролли кучлар Штаб бошлиқлари мамлакатларнинг ҳарбий хавфсизлиги борасидаги замонавий таҳдид ва хавф-хатарларни муҳокама қилиб, Ҳамдўстлик давлатлари чегаралари бўйлаб сиёсий вазиятнинг кескин ўзгариши билан боғлиқ бўлган масалалар тўғрисида ўзаро фикр алмашдилар. Шунингдек, муҳокамада МДҲнинг айрим минтақаларидаги оғир вазиятлар ҳам қайд этиб ўтилди.

Йиғилиш иштирокчилари қўшинлар жанговар тайёргарлигининг амалий аҳамиятига асосланиб, учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишнинг муҳим жиҳатлари, ҳаво ҳужумидан мудофаани ташкил этиш, моддий-техник таъминотни тизимли йўлга қўйиш, шунингдек, тўпланган тажрибани қўшинларни тайёрлаш амалиётида қўллаш каби жанговар операциялар тажрибалари билан танишдилар.

Йиғилиш кун тартибида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган қўшма тизимларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Штаб бошлиқлари қўмитаси томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий-касбий маҳоратини оширишга оид бир қатор масалалар кўриб чиқилди, шунингдек йиғилиш мобайнида миналардан тозалаш соҳаси мутахассисларини тайёрлаш амалиёти умумлаштирилиб, МДҲга аъзо давлатлар қуролли кучларига қарашли авиация парвозлари хавфсизлигининг ўтган давр мобайнидаги ҳолати таҳлил қилинди.

Ҳамдўстлик давлатларининг ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини янада изчил ривожлантириш мақсадида делегациялар раҳбарлари МДҲга аъзо давлатлар Қуролли Кучларининг 2021 йилга мўлжалланган умумий тадбирлар режасини маъқулладилар.
МДҲ давлатлари Қуролли Кучлари Бош штаблари бошлиқлари 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш даврида олиб борилган ҳарбий ҳамкорлик якунлари билан танишиб, ҳамкорликдаги ҳарбий-тарихий ишларни янада ривожлантириш бўйича келгуси режаларни белгилаб олдилар.

Беларусь Республикаси делегацияси мамлакатимиз вакилларига Иккинчи жаҳон урушида ўзбек жангчилари кўрсатган жасорат, улар билан боғлиқ ҳужжатлардан иборат қимматли экспонатларни Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” музейи учун топширди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар қуролли кучлари Штаб бошлиқлари қўмитасининг йиғилиши амалий ва ишчанлик руҳида ўтди.

Тадбир доирасида делегациялар Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар билан яқиндан танишдилар ҳамда делегациялар раҳбарлари томонидан Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти