Тафаккур ва камолот манбаи – китоб

6

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш, маданият ва санъат, спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, китобхонлик ва китоб мутоласига самарали жалб этиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамкорлигида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоят “Ёшлар маркази”да ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшлар иштирокида “Китобхонлик – миллат кўзгуси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Қайд этиш жоизки, инсон тафаккури ва камолотининг манбаи бевосита китоб билан боғлиқдир. Ҳар бир миллатнинг маънавий-руҳий олами, дунёси унинг китобга муносабати билан ҳам ўлчанади. Шу боис ҳам юртимизда аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўзга чиққанлар бугунги кунда китоб нафақат ёшлар учун, балки бутун жамият учун ҳам энг керакли тафаккур қаноти эканлигини таъкидлашди. Китобсиз келажак йўқлиги, китобхонлик тўғрисида гапириб ўтишди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшлар иштирокида “Мен севиб ўқиган шеър” мавзусида шеърият кечаси ҳам ташкил этилди.
Кечада ҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар томонидан ўзбек шоирларининг Ватан туйғуси, она меҳри, дўстлик, табиат гўзалликлари акс эттирилган шеърлари айтилди.
– Ижод, ижодкорлик юртни қадрлашга, одоб-ахлоқли бўлишга, меҳнатсеварликка, ҳалолликка, ота-онани ҳурмат қилишга ундайди, – дейди оддий аскар Муслимбек Нуралиев, бугунги тадбирда “Ўзбекистон” номли ўз ижодимга мансуб шеърим билан иштирок этдим.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши вакиллари, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими вакиллари ҳамда ижодкор ёшлар иштирок этди.
Контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар

Хайрулло ЎЛМАСОВ, марказ пресс-атташеси