Ёшлар – ҳарбий хизматчилар ҳузурида

8

Баркамол авлод – келажак пойдевори. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад – ўсиб келаётган ёш авлодни аждодларга муносиб ворис сифатида тарбиялаш, уларнинг қалбида юртга садоқат, ватанпарварлик туйғуларини ошириш, она Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришдан иборат.
Айни шу мақсадларни кўзлаган ҳолда Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмларида ҳам ёшлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, қўмондонликнинг Тошкент вилояти Нуробод қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмида “Ёшлар – келажак пойдевори” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Суҳбатда Ёшлар иттифоқи Оҳангарон туман Кенгаши раиси Н.Олтмишбоев ва “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Оҳангарон шаҳар бош мутахассиси А.Бўтаев иштирок этди.
Тошкент шаҳрида жойлашган бўлинмада эса Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда 100 га яқин ўқувчи ёшлар иштирокида “Биз коронавирусни спорт билан енгамиз” шиори остида соғломлаштириш тадбири ўтказилди. Тадбир давомида ёшлар ўртасида камондан ўқ узиш, футбол, бадиий гимнастика ва шахмат-шашка мусобақалари бўлиб ўтди.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам шаҳардаги умумтаълим мактаблари ўқувчи ёшлари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Ҳарбий қисмга ташриф буюрган ёшлар дастлаб қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойишида қатнашдилар, шундан сўнг ҳарбий қисмда юрт посбонлари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Ҳарбий қисмда ўтган бир кун эртамиз эгаларида катта таассурот қолдирди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати