Ҳарбий техникалар мавсумга тайёрланди

7

Ҳарбий техника ва қурол-яроғ – ҳарбий хизматчи учун жанговар ҳамроҳ. Ҳамиша эътибор қаратилиб, ўз вақтида хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари бажариб келинган бундай воситалар зарур пайтда асло панд бермайди. Шу боис ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларнинг соз ва бутлигига, шайлигига алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада гуруҳ, взвод ва бўлинмалар ўртасида мусобақалар ўтказилади.

Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида шу йўналишда кўргазмали амалий машғулотлар ўтказилди. Ушбу машғулотлар давомида ҳарбий қисмдаги мавжуд ҳарбий техникаларнинг жанговар шайлигини сифатли сақлаб туриш ва ёзги мавсумдан қишги мавсумга ўтказилиши муносабати билан амалий ўқувлар ташкиллаштирилди. Ҳарбий техникаларга кўрсатиладиган техник хизмат жараёнида юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ҳарбий хизматчиларга хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш қатъий етказилди.
Машғулотлар давомида мутахассис ҳарбий хизматчилар ҳарбий техникалар ва қурол-яроғларни мавсумга тайёрлаш ишларини уюшқоқлик билан бажаришди. Якунда ўз ишининг моҳир устаси бўлган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари юқори қўмондонлик томонидан тантанали равишда тақдирланди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати