Ҳарбийлар жанговар техникаларда сув тўсиқларини кечиб ўтди

7

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти дала ўқув майдонида ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар машиналарни ҳайдаш тайёргарлигининг муҳим босқичларидан бири – жанговар техникалар ёрдамида сув тўсиқлардан кечиб ўтиш ҳамда эвакуация қилиш бўйича амалий машғулотлар бўлиб ўтди.
Дастлаб ўқув нуқталарида машғулот раҳбаридан муҳим топшириқ ва эслатмаларни олган шахсий таркиб БТР-80 “А” жанговар машиналари ёрдамида “Петрова” кўли бўйлаб ҳаракатлана бошлади.


Бундан кўзланган асосий мақсад – сувли тўсиқлардан машинада ўтиш техникасини шакллантириш, экипаж аъзолари орасида ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳамкорликда ҳаракатлар тажрибасини оширишдан иборат.
Машғулот давомида сув тўсиқларидан кечиб ўтаётган жанговар техникада носозлик ҳолати аниқланди. Шундан сўнг тезкор равишда қутқарув-эвакуация хизмати ташкил этилиб, гуруҳ томонидан қутқарув ишлари олиб борилди.
Ушбу машғулотларни бевосита кузатиб борган курсантлар ўз касбий билимларини янада оширган ҳолда ўзлари учун муҳим бўлган кўникмаларга эга бўлишди.

Тошкент ҳарбий округи матбуот хизмати