Даврларни боғловчи кўприк

8

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар давлат музейи ташкил этилган кун кенг нишонланди. Қутлуғ сана муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
– Маънавий қадриятларимизни асраш ва уларни келажак авлодга етказиб беришда, – деди табрик сўзида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйчиа ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев, – музейларимиз катта ўрин эгаллайди. Мамлакатимиз музейлари нафақат бизга тарихдан сўзлайди, балки ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда улкан хизмат қилиб келмоқда. Бу борада эса Қуролли Кучлар давлат музейи ўз ўрни ва нуфузига эга, деб бемалол айта оламиз.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон тарихи Давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси, Мудофаа вазирлиги бирлашган касаба уюшмалар қўмитаси, Тошкент ҳарбий округи фахрийлар кенгаши вакиллари музейда фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ходимларни қимматбаҳо совғалар ҳамда эсдалик нишонлари билан тақдирлашди.
Тадбир сўнгида барча ташриф буюрганлар учун музей бўйлаб экскурсия ташкиллаштирилди.

Чингиз РАИМБЕРДИЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти