Тадбиркорлик сари илк қадамлар

7

Самарқанд шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида “Тадбиркор аёл” шиори остида тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Сайёра Салимова, ҳарбий хизматчилар ҳамда тадбиркорлик марказида таҳсил олган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар хизматчилари иштирок этди.
Тадбирда Самарқанд вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик марказида таҳсил олган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига тантанали равишда сертификатлар топширилди. Эндиликда улар ушбу сертификат билан банклардан имтиёзли равишда 3 йилга 14 фоизли 30 миллион сўмгача миқдорида кредит олишлари ва ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишлари мумкин.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббусининг 5-йўналишини амалиётга тадбиқ этиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу курсда таҳсил олдим. Давлатимиз томонидан бериладиган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланишни ва ўз тадбиркорлик фаолиятимни юритишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим, – дейди Нодира Эргашева.
Тадбирнинг бадиий қисмида гарнизон ҳарбий оркестр жамоаси томонидан концерт дастури тақдим этилди.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Хайрулло ЎЛМАСОВ, марказ пресс-атташеси