Туркия ҳарбий делегациясининг ташрифи

14

Бугун Туркия Республикаси мудофаа вазири генерал Хулуси Акар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов кутиб олди.

Мудофаа вазирлигида фахрий қоровул иштирокида меҳмонларни расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Шундан сўнг қардош халқ ҳарбий делегацияси шарафига Мудофаа вазирлигида қабул уюштирилиб, музокаралар давом эттирилди. Музокаралар давомида Баҳодир Қурбонов ва Хулуси Акар Ўзбекистон ҳамда Туркия давлатларини бир-бири билан чамбарчарс боғлаб турувчи жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Дини, тили, тарихий урф-одатлари бир бу икки халқнинг дўстона муносабатлари бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонч билдиришди.

Музокара давомида мудофаа вазирлари давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ва Туркияга амалий ташрифлари давомида эришилган натижаларга, шунингдек ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Музокаралардан сўнг икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Учрашув якунида Баҳодир Қурбонов ва Хулуси Акар икки давлат маданиятини акс эттирувчи эсдалик совғаларини топширдилар.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти