Фарғоналик бир гуруҳ ёшлар “Темурбеклар мактаби”га саёҳат қилишди

6

Мамлакатимизда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юртга муҳаббат ҳиссини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шунинг баробарида армия ва халқ якдиллигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам эътиборли.
Шарқий ҳарбий округ ҳудудидаги “Фарғона Темурбеклар мактаби”да ташкил этилган экскурсияда бу яна бир бор намоён бўлди. Экскурсияда Фарғона вилоятининг умумтаълим мактабларида таълим олаётган ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Экскурсияда ёшлар “Темурбеклар мактаби”нинг кун тартиби, ўқувчиларга яратилган шароитлар ва дарс жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг улар эътиборига машғулотлар жараёнида фойдаланиладиган ўқув моддий база ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.

Ташкил этилган ўқув нуқталарида “Темурбеклар мактаби”да таҳсил олаётган тенгдошларидан мазкур аслаҳа ва анжомлардан фойдаланиш бўйича маълумот олиш ёшларга ўзгача завқ бағишлади. Айниқса, уларга мактабда ташкил этилган авиамоделлар тайёрлаш тўгараги ўқувчилари томонидан яратилган учувчисиз учиш аппаратлари намойиши катта қизиқиш уйғотди.
Бундай экскурсиялар ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда албатта ўз самарасини беради.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати