Кадрлар билан ишлаш органи офицерларининг касбий малакаси янада оширилди

7

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг йиллик асосий тадбирлар режасига биноан, қўмондонлик бошқарув аппаратида кадрлар билан ишлаш органи офицерлари иштирокида ўқув-услубий йиғин ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ва қўшинлар қўмондони иштирок этган мазкур йиғинда асосий эътибор кадрлар билан ишлаш органи офицерларининг касбий малакасини янада ошириш, қатнашчиларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг соҳага оид бошқарув ҳужжатлари (буйруқ, директива ва б.) нинг мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда уларнинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолашга қаратилди.

Шунингдек, ўқув-услубий йиғин давомида кадрлар бўлими ходимларининг касбий тайёргарлик сифати ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўзаро тажриба алмашилиб, расмийлаштириладиган ҳужжатлар ва уларни юритиш тартиби бўйича ягона тизимни шакллантиришга оид тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди.

Ўқув-услубий йиғин давомида “Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари кадрлар органларининг энг илғор офицери” танлови биринчи (дастлабки) босқичи ҳам ўтказилди. Махсус тайёргарлик бўйича иштирокчиларнинг назарий билимлари текширилган бўлса, жисмоний ва отиш тайёргарлигида уларнинг мерганлик ва эпчилликлари синовдан ўтказилди. Якуний натижаларга кўра, юқори натижани қайд этган иштирокчилар муносиб рағбатлантирилиб, танловнинг навбатдаги босқичига йўлланма олди.

Йиғин иштирокчилари учун ташкилотчилар томонидан маданий ҳордиқ тадбирлари ҳам ташкил этилди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари
қўмондонлиги матбуот хизмати